ТОШКЕНТ, 19 янв — Sputnik. Шавкат Мирзиёев Яқин Шарқда тинчликни мустаҳкамлаш ва можароларни ҳал этишга қаратилган халқаро ташаббусга қўшилиш бўйича расмий таклифга розилик билдирди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, мазкур таклиф Дональд Трамп томонидан юборилган. Ташаббус 2025 йил 29 сентябрда эълон қилинган бўлиб, жаҳон етакчилари томонидан қўллаб-қувватланган ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2025 йил 17 ноябрда қабул қилинган 2803-сонли резолюцияси билан маъқулланган Ғазодаги можарони тугатишга қаратилган комплекс режага асосланади.
Ташаббус доирасида узоқ муддатли тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида давлатларни бирлаштирувчи янги халқаро тузилма — Тинчлик кенгашини ташкил этиш режалаштирилган.
Ўзбекистонга ушбу кенгашга таъсисчи давлат сифатида қўшилиш таклиф этилди. Давлат раҳбари жавоб мактубида Ўзбекистоннинг Тинчлик кенгашига таъсисчи давлат сифатида қўшилишга тайёр эканини тасдиқлаб, ушбу ташаббусни Яқин Шарқдаги кўп йиллик низоларни ҳал этиш ҳамда минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳолади.