Sea Breeze мажмуаси қурилишининг экологияга таъсири бўйича жамоатчилик эшитуви ўтказилади

Эшитишда Sea Breeze Uzbekistan туристик мажмуаси қурилиши лойиҳасининг атроф-муҳитга таъсири ва экологик хавфсизлик масалалари муҳокама қилинади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 янв — Sputnik. 23 январь куни соат 10:00 да Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги биносида Sea Breeze Uzbekistan туристик мажмуаси қурилиши лойиҳаси бўйича атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш (АТБ) юзасидан жамоатчилик эшитуви бўлиб ўтади. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Тадбир манзили:
Тошкент вилояти, Ғазалкент шаҳри, Мустақиллик кўчаси, 14-уй.
Маълум қилинишича, лойиҳа Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида, Чорвоқ сув омборининг шарқий қирғоғи ҳудудида жойлашган бўлиб, замонавий туристик инфратузилмани барпо этишни назарда тутади.
Мазкур жамоатчилик эшитувлари доирасида қуйидаги масалалар муҳокама қилинади:
ҳудудни режалаштириш ва қурилиш ечимлари;
атмосфера ҳавоси, сув ва тупроққа бўладиган таъсир;
чиқиндиларни бошқариш;
яшил ҳудудлар ва сув объектларини муҳофаза қилиш;
экологик хавфсизлик чоралари ҳамда мониторинг масалалари.
Қайд этилишича, лойиҳа ҳужжатлари амалдаги экологик қонунчилик талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган. Лойиҳа бўйича таклиф ва мулоҳазаларингизни жамоатчилик эшитувлари давомида ёки ёзма шаклда тақдим этишингиз мумкин.
Жамоатчилик вакиллари, мутахассислар ҳамда барча манфаатдор томонлар жамоатчилик эшитувларида иштирок этишга таклиф этилган.
Чорвоқда “Sea Breeze Uzbekistan” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тасдиқланди