ТОШКЕНТ, 18 янв — Sputnik. Афғонистоннинг Afghanistan Breshna Sherkat (DABS) давлат энергетика компанияси 2025 йил 21 мартдан бошлаб жами 9,4 минг МВтдан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича шартномалар ва ўзаро англашув меморандумларини имзолади. Бу ҳақда РИА Новости компания матбуот хизматига таяниб хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳижрий-шамсий тақвимга кўра 1404 йил бошидан буён (2025 йил 21 мартдан бошланган - таҳр.) DABS маҳаллий ва хорижий компаниялар билан 9 407 МВт қувватга тенг лойиҳалар бўйича келишувларга эришган.
Лойиҳалар турли манбалар — кўмир, табиий газ ва иссиқлик энергияси асосида электр ишлаб чиқаришни назарда тутади. Хусусан:
323 МВт электр энергияси кўмир ҳисобига олинади, тадқиқот ишлари якунланган;
ушбу йўналишда мамлакатнинг учта минтақасида яқин вақтда амалий ишлар бошланади;
табиий газдан 100 МВт энергия ишлаб чиқариш бўйича шартнома асосида ишлар аллақачон старт олган.
Шунингдек, DABS Кобул шаҳридаги Green Industries саноат паркида 34 МВт қувватли қуёш электр станцияси, 126 МВА подстанция, 220 кВ электр узатиш линияси қурилишини бошлаган.
Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати тахминан 40 миллион доллар деб баҳоланмоқда.
Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати тахминан 40 миллион доллар деб баҳоланмоқда.
Афғонистонлик иқтисодий экспертлар фикрича, ушбу лойиҳалар ўз вақтида амалга оширилса, барқарор энергия таъминоти, иқтисодий ўсиш ва янги иш ўринлари яратишда муҳим аҳамият касб этади.
Иқтисодчи Муҳаммад Карим Азимийнинг таъкидлашича, жорий йилда кўплаб шартномалар имзоланган бўлса-да, уларнинг аксарияти ҳали баҳолаш босқичида, амалий ишлар эса тўлиқ бошланмаган.
Маълумотларга кўра, 2025 йил август ҳолатида Афғонистон Туркманистон, Эрон, Ўзбекистон ва Тожикистондан тахминан 800 МВт электр энергияси импорт қилган, мамлакатнинг ўз ишлаб чиқариши эса 250 МВт атрофида бўлган.