ТОШКEНТ, 15 янв — Sputnik. Тошкентда йўл ҳаракатини самарали ташкил этиш ва тирбандликларни камайтириш мақсадида қатор манзилларда ўрганиш ва таҳлил ишлари ўтказилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ишлар Тошкент шаҳар ҳокимининг транспорт ва йўл инфратузилмаси масалалари бўйича ўринбосари Абдураҳмон Бахтиев бошчилигида амалга оширилган.
Ҳусусан, Заргар ва Ботир Зокиров кўчалари кесишмасида жойлашган “Пахтакор” транспорт ўтиш боғламасида жамоат транспорти, хусусан автобусларнинг боғламага кириши билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Натижада жамоат транспорт йўналишлари сони 11 тага етказилиши кутилмоқда.
Шунингдек, Абдулла Қодирий – Абай ҳамда Шароф Рашидов – Осиё кўчалари кесишмаларида ҳам таҳлил ишлари олиб борилди.
Бундан ташқари, Зиёлилар ва Кичик ҳалқа йўли кесишмасида, шунингдек Абдулла Қодирий – Маҳтумқули кўчаларида ҳаракатни оптималлаштириш ва йўл белгиларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.
Авлиё ота ва Фидокор кўчаларида тирбандликларни камайтириш мақсадида транспорт воситалари учун бир томонлама ҳаракат тизимини жорий этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, Seoul Mun атрофида транспорт ҳаракатини тартибга солиш, жумладан йўл бўйи тураргоҳлар (парковкалар)ни ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда.