ТОШКEНТ, 15 янв — Sputnik. Ўзбекистонда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирининг биринчи босқичи расман бошланди. Бу ҳақда Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирининг расмий саҳифасида маълум қилинди.
Маълумотга кўра, мазкур босқич доирасида 17 кун давомида фуқаролар census.stat.uz расмий веб-сайти орқали OneID тизими ёрдамида онлайн рўйхатдан ўтишлари мумкин.
Онлайн рўйхатдан ўтиш имконияти Ўзбекистон фуқаролари, жумладан, хорижда вақтинча бўлиб турган фуқаролар учун ҳам мавжуд. Улар исталган жойдан ягона идентификация тизими орқали рўйхатдан ўта олади.
Онлайн рўйхатдан ўтиш тартиби бўйича видеоқўлланма расмий YouTube саҳифаси орқали тақдим этилган. Шунингдек, онлайн рўйхатдан ўтган фуқаролар орасида тасодифий танлов асосида қимматбаҳо совғалар ўйнаб берилиши маълум қилинди.
Ижтимоий тармоқлардаги айрим фикрларга жавобан, сайтда жойлаштирилган барча матнлар ва саволномалар 7 та тилда, тил меъёрларига тўлиқ риоя этилган ҳолда тайёрлангани қайд этилди. Матнлар Давлат тилида иш юритиш ва малака ошириш маркази ҳамда Республика таълим маркази томонидан текширилиб, тегишли тартибда тасдиқланган.
Шу билан бирга, кўп сонли фойдаланувчиларнинг бир вақтнинг ўзида мурожаат қилиши сабабли қисқа муддатли техник узилишлар кузатилиши мумкинлиги огоҳлантирилди.
Таъкидланишича, рўйхатдан ўтиш жараёнида саволлар юзага келган тақдирда ижтимоий тармоқлар орқали юборилиши ёки 1851 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, қўшимча маълумот олиш мумкин.