ТОШКEНТ, 13 янв — Sputnik. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари фарзандга ота исми асосида фамилия бериш амалиётини қонунийлаштиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.
Маълум қилинишича, ушбу қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига Адлия вазирлиги томонидан киритилган. Амалдаги қонунчиликка, хусусан, Оила кодексига кўра, боланинг фамилияси ота-онанинг фамилиясига қараб белгиланади. Шу билан бирга, миллий анъаналарга мувофиқ болага бобонинг исми асосида фамилия бериб келинмоқда.
Қайд этилишича, ҳозирги кунда болага ота исми асосида фамилия бериш имконияти қонун ҳужжатларида аниқ белгиланмагани сабабли уларни турлича талқин қилиш ҳолатлари ва фуқароларнинг ҳақли эътирозлари юзага келмоқда.
Масалан, болалар уйида улғайган ёки ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар ўз фарзандларига отасининг исмидан фамилия беришни истамайди. Ҳар куни ўртача 10–15 нафар ота-она ФҲДЁ органларига мурожаат қилиб, боланинг туғилганлик гувоҳномасига ўзгартириш киритиш орқали фамилия ва исмни расмийлаштирмоқда.
Таъкидланишича, қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида халқаро тажриба ҳам ўрганилган. Хусусан, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонда боланинг фамилиясини ота ёки бобонинг исми асосида белгилаш амалиёти қонунчилик билан мустаҳкамланган.
Муҳокамалар давомида, шунингдек, кейинги ўқишларда фамилияга қўшиладиган "-ов", "-ев", "-ова", "-ева" қўшимчаларини қонун ҳужжати билан белгилаш масаласини ҳам кўриб чиқиш таклиф этилди.