Бухорода 20 нафар абитуриент заҳарлангани айтилмоқда — вилоят ССБ расмий маълумот берди

Абитуриентларнинг саломатлиги нега ёмонлашганини аниқлаш учун қон намуналари экспертизага юборилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 янв — Sputnik. Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидаги ўқув марказида 20 нафар ўқувчи заҳарланиши ортидан шифохонага ётқизилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳолат бўйича расмий маълумот берди.
Унга кўра, кеча, 11 январь куни ҳақиқатан Қоракўл туманидаги ўқув марказида таҳсил олаётган 20 нафар абитуриент саломатлиги ёмонлашиши сабаб туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилди.
Маълум қилинишича, вилоят ҳокимининг топшириғига мувофиқ, соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Элёр Олтиев иштирокида ишчи гуруҳ тузилган. Барча беморлар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли стандартлари асосида лаборатор ва инструментал текширувлардан ўтказилган.
Кўрилган тиббий чора-тадбирлар натижасида барча беморларнинг аҳволи яхшиланиб, улар амбулатор даволаниш учун уйига жавоб берилди.
Ҳар бир беморга ҳудудий оилавий шифокор ва патронаж ҳамшираси бириктирилди. Айни пайтда барчасининг аҳволи қониқарли бўлиб, шикоятлари мавжуд эмас.
Шунингдек, беморлардан тегишли қон намуналари олиниб, белгиланган тартибда экспертизага юборилди. Экспертиза натижалари юзасидан қўшимча маълумот тақдим этилиши маълум қилинди.
Болалар орасида "ғайриодатий" инфекция тарқалаётгани ҳақидаги хабар рад этилди