Ген таҳрирлаш ва AI: 2025 йилда тиббиётда қандай ютуқларга эришилди?

Тиббиётда ёндашувлар ўзгариб, касалликни даволашдан кўра уни олдиндан бартараф этишга қаратилган соғлом тиббий стратегия устувор бўлди. Йил ютуқлари умрни узайтириш тадқиқотлари билан боғлиқ
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 янв — Sputnik. 2025 йилда дастлаб диабет билан касалланган беморлар учун ишлаб чиқилган айрим дорилар кутилмаганда саратонга қарши самарали восита бўлиши мумкинлиги аниқланди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тайёрлаган жаҳон тиббиётидаги энг муҳим ютуқлар ҳақидаги маълумотномада қайд этилишича, ушбу инъекцияларни мунтазам қўллаш семизлик билан боғлиқ саратон хавфини қарийб 40 фоизга камайтиради.
Шунингдек, 2025 йилда ген таҳрирлашнинг янги усуллари — prime editing технологиялари клиник амалиётга яқинлашди. Ушбу усуллар ДНК занжирини бузмасдан генетик кодни аниқ ва хавфсиз тарзда ўзгартириш имконини беради. Бу ирсий касалликлар ва саратон хавфини оширадиган мутацияларни даволашда муҳим аҳамиятга эга.
Янги авлод AI-платформалари касаллик тарихи, лаборатория ва МРТ маълумотларини таҳлил қилиб, онкология, неврология ва гастроэнтерологияда шифокорлар учун “иккинчи фикр” сифатида қўлланилмоқда. AI шифокор ўрнини босмайди, балки қарор қабул қилиш аниқлиги ва тезлигини оширади.
Дори воситаларини тўғридан-тўғри касаллик ўчоғига етказиш технологияси ишлаб чиқилди. Фокусланган ультратовуш ёрдамида биоактив гель орқали препарат аниқ органга юборилади, бу эса токсик таъсирни камайтиради.
Бундан ташқари, 2-тоифа диабетни даволашда қўлланиладиган метформин препарати айрим ўсмалар, жумладан KRAS мутациялари билан боғлиқ саратон ўсишини секинлаштириши мумкинлиги аниқланди.
Олимлар паст кучланишли электр майдонлари орқали ҳужайралар фаолиятини бошқариш имкониятини ҳам кашф этди. Бу усул яллиғланиш, ўсма ўсиши ва сурункали касалликларни даволашда янги йўналиш сифатида қаралмоқда.
Умуман, 2025 йилда жаҳон тиббиётида генетика, сунъий интеллект ва “big data” технологиялари устунлик қилди. Тиббиёт эндиликда касалликни даволашдан кўра, уни олдиндан аниқлаш ва олдини олишга кўпроқ эътибор қаратмоқда.
Кам учрайдиган ва бошқа ирсий-генетик касалликларга чалинган болаларга ёрдам кўрсатилади