ТОШКЕНТ, 5 янв — Sputnik. Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги “М-25” кони ҳудудида таркибида нефть сақловчи суюқликнинг (нефть суюқлиги) ер юзасига чиқиши ҳолати қайд этилган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, нефть суюқлиги тарқалишининг олдини олиш мақсадида кон ҳудуди атрофида, шунингдек, сой ўзани бўйлаб қўшимча ҳимоя ҳовузлари барпо этилган.
Йиғиб олинган нефть суюқлиги узлуксиз равишда махсус майдонга олиб чиқилмоқда. У ерда ҳажми 5 минг куб метр бўлган, махсус изоляцияланган иккита шлам ҳовузи мавжуд бўлиб, улар нефть суюқлигини хавфсиз сақлаш ҳамда кейинчалик ундан самарали фойдаланиш имконини беради.
Таъкидланишича, барча ишлар амалдаги саноат ва экологик хавфсизлик талабларига тўлиқ риоя этилган ҳолда олиб борилмоқда.
Шунингдек, нефть суюқлиги намуналари бўйича таҳлил ишлари амалга оширилмоқда. Уларнинг натижаларига асосан қайта ишлаш имкониятлари ўрганилади, геологик тадқиқотлар эса давом этмоқда. Дастлабки кунларда каналга оқиб чиққан нефть суюқликларини тозалаш ишлари ҳам олиб борилаётгани маълум қилинди.