Сўнгги ўн йилда Марказий Осиёда сув қанчалик камайди — БМТ таҳлили

2015 йилдан бери Марказий Осиё аҳоли жон бошига тўғри келадиган қайта тикланадиган сув ресурсларининг 12 фоизини йўқотган. Бу дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири ҳисобланади
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 янв — Sputnik. Дунёда аҳоли жон бошига тўғри келадиган қайта тикланадиган чучук сув ресурсларидан фойдаланиш даражаси пасайишда давом этмоқда. Сўнгги ўн йил ичида бу кўрсаткич яна 7 фоизга камайган. Бу ҳақда "Дунё" ахборот агентлиги хабар берди.
Маълумотларга кўра, келтирилган фактлар БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) таҳлилларига асосланган. Гап табиий гидрологик цикл натижасида ҳар йили янгиланиб турадиган чучук сув захиралари ҳақида бормоқда.
Марказий Осиёда сув стрессининг юқори даражаси, асосан, сувдан фойдаланиш тузилмаси билан боғлиқ. Минтақадаги умумий сув олиш ҳажмининг 82 фоизи қишлоқ хўжалиги ҳиссасига тўғри келади.
Таққослаш учун: Европа ва Шимолий Америкада аграр сектор сув ресурсларининг атиги 34 фоизидан фойдаланади. Бироқ дунёдаги саноат учун олинадиган сувнинг — 47 фоизи айнан ушбу минтақалар ҳиссасига тўғри келади.
Сув танқислиги даражасини баҳолашда ФАО экспертлари "сув стресси" кўрсаткичидан фойдаланган. Бу кўрсаткич олинаётган сув ҳажмининг табиий равишда қайта тикланадиган сув захираларига нисбатан қанчалик катта эканини кўрсатади.
Шу билан бирга, ташкилот айрим ижобий ўзгаришларни ҳам қайд этмоқда. Марказий Осиёда чучук сув олишнинг умумий ҳажми 2015 йилдаги 123 миллион куб метрдан 2022 йилда 112 миллион куб метргача камайган, яъни 9 фоизга пасайган. Шу даврда сув стресси даражаси 76,8 фоиздан 70,2 фоизга тушган. Бу сув ресурсларига тушаётган босим 8,6 фоизга камайганини англатади.
Экспертлар таъкидлашича, сув стрессининг юқори даражаси йиллик сув олиш ҳажми унинг табиий тикланиш даражасига яқинлашаётгани ёки ундан ошиб кетаётганини кўрсатади. Бу эса сув экотизимларининг барқарорлиги ва иқтисодий ривожланиш учун жиддий хавф туғдиради.
ФАО шарҳига кўра, дунёнинг барча минтақаларида чучук сув ресурсларига босим кучаймоқда. 2022 йилда дунё бўйича сув стрессининг ўртача даражаси 18 фоизга етган. Айрим ҳудудларда эса бу кўрсаткич анча юқори бўлган:
Шимолий Африка — 121%
Жанубий Осиё — 76,7%
Марказий Осиё — 70,2%
Ғарбий Осиё — 65,1%
Сибирь дарёларидан Ўзбекистонга сув келадими — Россия Фанлар академияси олими фикри