Мирзиёев Ўзбекистон халқини Янги йил билан табриклади

Президент: Аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламлари, муҳтарам кексаларимиз, қадрли хотин-қизлар ва навқирон ёшларимизни қўллаб-қувватлашни кенгайтирамиз.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 янв — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Янги йил байрами муносабати билан халққа табрик йўллади.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, дунёдаги мураккаб вазиятга қарамасдан, мамлакат ўз олдига қўйган барча мақсад ва марраларга эришди. Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ҳажми илк бор 145 миллиард доллардан ошди ва мамлакат ўрта даромадли давлатлар қаторидаги ўрнини мустаҳкамлади.

“Биз келгуси йилда ҳам ҳар бир оиланинг бахтли, фаровон ва соғлом ҳаёт кечириши, ёшларимизнинг сифатли таълим олишлари, келажак касбларини эгаллашлари ва спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун янги-янги имкониятларни ишга соламиз. Биз2026 йилни “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилдик”, - деди Мирзиёев.

Таъкидланишича, барча иқтисодиёт тармоқларини технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказилади. Халқнинг даромади ва харид қобилиятини ошириш ишлари янада жадаллаштирилади. Аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламлари, кексалар, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш кенгайтирилади.
“Бир сўз билан айтганда, янги 2026 йилда ҳам барча ислоҳотларимиз, саъй-ҳаракатларимиз одамларимиз яхши яшаши ва бизнес учун энг қулай шароитларни яратишга қаратилади”, - деди давлат раҳбари.
“Ҳар биримизнинг пок ниятларимиз, эзгу мақсадларимиз 2026 йилда албатта амалга ошсин! Янги йил ҳар бир оилага сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, қут-барака, юртимизга юксак тараққиёт, тинчлик-хотиржамлик олиб келсин! Яратган Парвардигор Ватанимизни асрасин, халқимиз ҳаётини янада яхшилаш йўлидаги ишларимизда мададкор бўлсин! Янги йил барчамизга муборак бўлсин, азизларим!”, - дея табригини якунлади Мирзиёев.
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси янги таҳрирда тайёрланди