Ўзбекистонда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум болалар учун 500 долларлик омонат очилди

Маблағлар 18 ёшгача жамғарилади ва капитализация ҳисобига кўпаяди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 31 дек — Sputnik. Ўзбекистонда етим болалар учун 500 долларлик омонатлар очилди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, болаларга янги йил совғаларига қўшимча равишда депозит ҳисоб рақамларини очиш тўғрисида қарор қабул қилинган.
0 дан 17 ёшгача бўлган 8 минг нафардан ортиқ етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун омонатлар очилиб, уларнинг ҳар бирига давлат томонидан 500 доллар миқдорида маблағ жойлаштирилди.
Қайд этилишича, бу маблағлар йилдан-йилга капитализация ҳисобига жамғарилиб борилади, бола 18 ёшга тўлгач, ушбу маблағлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.
Шунингдек, 9 ёшдан юқори бўлган болалар ва уларнинг қонуний вакилларига ижтимоий карталар берилди. Улар орқали жамоат транспортидан имтиёзли фойдаланиш, харид ва хизматлар учун тўлов қилиш, шахсни тасдиқлаш ҳамда ижтимоий ёрдам ва хизматларни олиш ҳуқуқини тасдиқлаш мумкин.
Бу каби қўллаб-қувватлаш давлат ғамхўрлигига алоҳида муҳтож бўлган болалар учун мўлжалланган. Жумладан:
маҳаллалардаги етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар;
меҳрибонлик уйлари, оилавий ва кичик ҳажмли болалар уйлари ҳамда SOS болалар қишлоқлари тарбияланувчилари;
ота-оналари чегарани ҳимоя қилишда ҳалок бўлган болалар;
"Таскин" болалар хосписи ҳузуридаги болалар онкология шифохонасида даволанаётган болалар.
"Таскин" болалар хосписида даволанаётган болалар учун депозит ҳисоб рақамидаги маблағлар заруратга кўра ва қонуний вакиллар мурожаати асосида исталган вақтда банк картасига ўтказилиши мумкин.
Қўшимча таълим: болалар ва катталар учун янги имкониятлар яратилади