"Ўзатом" дунёдаги энг илғор илмий марказлардан бири билан битим имзолади

Музокараларда Ўзбекистоннинг ядро соҳасидаги миллий салоҳиятини ривожлантириш ва илғор ядро технологияларини жорий этишга қаратилган узоқ муддатли ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Sputnik
ТОШКEНТ, 30 дек — Sputnik. "Ўзатом" агентлиги ва Россиянинг Курчатов институти тинчлик мақсадларида атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида стратегик шериклик ҳамда илмий-техник ҳамкорлик тўғрисида битим имзолади. Бу ҳақда "Ўзатом" матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, агентлик директори Азим Ахмедхаджаев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ташриф доирасида Курчатов институти раҳбарияти билан музокаралар ўтказди.
Узатом и Курчатовский институт подписали соглашение о стратегическом партнерстве
Ҳамкорликнинг асосий йўналишлари:
кичик модулли ва кўчма атом станциялари;
ядро тиббиёти ва радиоизотоплар ишлаб чиқариш;
синхротрон нурланиш ва нейтрон манбалари;
плазма физикаси ва термоядро синтези;
экологик тоза (“яшил”) технологиялар;
атом саноати учун янги материаллар;
қўшма лабораториялар ташкил этиш;
юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва академик мобиллик;
ноёб илмий қурилмаларда тадқиқотлар ўтказиш.

Шунингдек, "Ўзатом" делегацияси Курчатов институтининг ядро тиббиёти маркази, Т-15МД токамаги, синхротрон нурланиш манбаи ҳамда тажриба-саноат инфратузилмаси билан танишди.

Ахмедхаджаевнинг таъкидлашича, мазкур келишув Ўзбекистоннинг ядро соҳасидаги мавқеини мустаҳкамлаб, дунёдаги энг илғор илмий марказлардан бирининг замонавий инфратузилмаси ва ноёб тажрибасидан фойдаланиш имконини беради.
Ўз навбатида, марказ раҳбари Михаил Ковальчук ушбу ҳамкорлик тинч атом, ядро тиббиёти ва янги материаллар соҳасида қўшма тадқиқотлар учун янги имкониятлар очишини таъкидлади.

"Ўзбекистон бугунги кунда иқтисодий ривожланишнинг ҳайратланарли суръатларини намойиш этмоқда ва инновацион технологияларда минтақавий етакчи мақомига фаол интилмоқда. Бу эса барқарор энергетикага глобал ўтишда ҳамкорлигимиз ва ўзаро манфаатли ютуқларимиз учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда", - деди Ковальчук.

Ўзбекистонда Росатом билан ҳамкорликда атом энергетикаси илғор муҳандислик мактаби очилди