Ўзбекистон–Туркманистон: Мирзиёев ва Бердимуҳамедов мулоқотида бош йўналишлар белгиланди

Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов телефон мулоқотида Ўзбекистон–Туркманистон стратегик шериклигини ривожлантириш ва келгуси халқаро тадбирларни муҳокама қилди.
Sputnik
ТОШКEНТ, 29 дек — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ўртасида бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотда минтақавий ҳамкорликнинг асосий масалалари юзасидан фикр алмашилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбат чоғида, шунингдек, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ҳамда стратегик шериклик муносабатларини олий даражада эришилган келишувлар асосида янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Президент Мирзиёев Аваза шаҳрида ўтказилган йирик саммитлар, шунингдек, Ашхободда Туркманистоннинг бетарафлигининг 30 йиллиги ва “Халқаро тинчлик ва ишонч йили” муносабати билан ташкил этилган форумлар муваффақиятли ўтганини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, келгуси йилга мўлжалланган олий ва юқори даражадаги учрашувлар режаси кўриб чиқилиб, халқаро ва минтақавий тадбирларни биргаликда ўтказишни давом эттиришга келишиб олинди.
Ўзбекистон ва Туркманистон стратегик шерикликни янада кенгайтиришни муҳокама қилди