ТОШКEНТ, 29 дек — Sputnik. Фанлар академиясининг янги ишланмаларини тижоратлаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида Фан ва саноат интеграцияси кенгаши ташкил этилади. Бу ҳақда президент томонидан имзоланган Фанлар академияси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорда белгиланган.
Қарорнинг асосий мақсади қуйидаги вазифаларни амалга ошириш орқали Фанлар академияси фаолиятини такомиллаштиришдан иборат:
янги илмий ишланмалар сони ва уларни тижоратлаштиришдан олинадиган маблағлар ҳажмини 3 бараварга ошириш;
илмий ходимлар таркибида ёшлар улушини 60 фоизгача етказиш;
хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган илмий диаспора вакилларини Ўзбекистон илм-фанига реинтеграция қилиш.
2026 йилдан бошлаб илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган барча илмий лойиҳалар сифатини ошириш мақсадида уларни илмий экспертизадан ўтказиш бўйича илмий-техник кенгашлар таркибига Фанлар академияси таклифи асосида ҳамраис номзоди киритилади.
Шунингдек, 2026 йил 1 апрелдан Фанлар академияси ўз тизимидаги илмий муассасаларда хорижий экспертларни жалб этган ҳолда илмий ходимлар фаолиятининг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI), шунингдек, илмий муассасалар фаолияти самарадорлигини баҳолаш бўйича рейтинг тизимини жорий этади.
Бундан ташқари, 2026 йилдан илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, ёш олимларни жалб қилиш ҳамда стратегик аҳамиятга эга илмий йўналишларни барқарор молиялаштириш мақсадида Фанлар академияси жамғармаси ташкил этилади.