ТОШКEНТ, 28 дек — Sputnik. 2025 йилда амалга оширилган ишларнинг асосий натижаларидан бири — Евроосиё иқтисодий иттифоқида умумий газ бозорини ривожлантириш режаси ҳамда нефть соҳасида савдо ва биржа савдоси қоидалари лойиҳаларининг ишлаб чиқилганидир. Бу ҳақда ЕИК энергетика ва инфратузилма бўйича вазири Арзибек Кожошев маълум қилди.
Унинг айтишича, 2025 йилда ЕОИИ энергетика соҳасида қатор муҳим ютуқларга эришилди. Жумладан, электр энергияси савдосига қўшилиш тўғрисидаги шартнома шаклини ишлаб чиқиш якуний босқичга етказилди. Ҳужжат қабул қилингач, умумий электр энергияси бозори учун технологик ва ахборот платформасини яратиш ишлари бошланади.
Транспорт соҳасида юк ташиш жараёнларини рақамлаштириш давом эттирилди. e-CMR электрон халқаро юкхатларини қўллаш бўйича тажриба лойиҳаси йўлга қўйилди, навигация пломбаларини жорий этиш бўйича чоралар кўрилди.
Шунингдек, транспорт воситаларининг рухсат этилган массаси ва ўлчамларига оид битим имзоланди. Каботаж ташувлар, яъни бир давлат ҳудудидаги ички ташувларни хорижий транспорт компанияси амалга оширишига оид дастур жорий этилмоқда. Уни келгуси йилда ЕОИИнинг барча давлатлари учун тўлиқ ишга тушириш режалаштирилган.
Интеллектуал транспорт тизимларини ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” қабул қилинди. Бундан ташқари, иттифоққа аъзо беш давлатнинг учинчи мамлакатлар билан инфратузилма лойиҳалари портфелини шакллантириш бўйича қарор тайёрланди.