Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти илк бор 145 млрд доллардан ошди - Мирзиёев

Бу йил олтин-валюта захиралари илк бор 60 млрд доллардан ошди, инвестициялар 43,1 млрд долларга етди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 дек – Sputnik. Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти илк бор 145 млрд доллардан ошди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига мурожаатнома тақдим этаётган чоғида маълум қилди.
“Эътибор беринг, бундан тўққиз йил олдин иқтисодиётимиз ҳажмини 100 миллиард долларга етказиш биз учун жуда катта марра бўлиб кўринарди. Бу йил тарихимизда биринчи марта ялпи ички маҳсулотимиз 145 миллиард доллардан ошди. Бундай юксак натижалар халқимизнинг, барчамизнинг қандай улкан ишларга қодир эканимизни яққол намоён этмоқда”, – деди давлат раҳбари.
Глобал савдо тизимида “ўйин қоидалари” ўзгараётган бир пайтда жорий йил мамлакат экспорти 23 фоизга ошиб, 33,4 миллиард долларга етказилиши таъкидланди.
“Энг муҳими, олтин-валюта захираларимиз илк бор 60 миллиард доллардан ошди”, - деди Мирзиёев.
Бу йил иқтисодиётга жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажми 43,1 миллиард долларга етди.
Таъкидланишича, жами инвестицияларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 31,9 фоизни ташкил этмоқда. Бу эса иқтисодиёт келгуси йилларда ҳам юқори суръатлар билан барқарор ўсиб бориши учун замин бўлади.
Президент 2026 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонунни имзолади