Келаси йили Ўзбекистонда имтиёзли ипотека кредити 15% га оширилади

Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 дек – Sputnik. 2026 йилда Ўзбекистонда имтиёзли ипотека кредити 15% га оширилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва халққа йўллаётган мурожаатномаси чоғида маълум қилди.
Маълум қилинишича, аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, иқтисодиётда энг катта талаб яратадиган уй-жой ипотекасига 2026 йилда 23 триллион сўм ресурс ажратилади.
Уй-жой сотиб олишда бошланғич тўлов ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун 2 триллион 700 миллиард сўм субсидия берилади.
Шунингдек, битта квартира учун ажратиладиган имтиёзли ипотека кредитининг миқдори 15 фоизга оширилади.
Таъкидланишича, келгуси йилда 140 мингта квартирали кўп қаватли уй-жой барпо этилиши рўзғор учун зарур истеъмол товарларига талабни ошириради. Бу талабни молиявий манбалар билан таъминлаш мақсадида 2026 йилда 125 триллион сўмлик истеъмол кредити ажратилади.
Умуман, 2026 йилда қурилиш ишлари ҳажмини 11 фоизга кўпайтириб, 30 миллиард долларга етказиш режа қилинган.
Ўзбекистонда уй-жой қурилиши 2 бараварга, ипотека эса 10 бараварга оширилади