Банкларда “сирли мижоз” назорат тадбирлари ўтказилади

Назорат тадбири кредит ташкилотини олдиндан хабардор қилмаган ҳолда амалга оширилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 дек – Sputnik. Ўзбекистонда банкларда “сирли мижоз” усулидаги назорат тадбирлари ўтказилади. Адлия вазирлиги тегишли низомни рўйхатдан ўтказди.
Низомга кўра, кредит ташкилотларида молиявий хизматлар истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга ошириш чоғида кредит ташкилотларининг фаолиятига қўйиладиган талабларга риоя этилишини текшириш мақсадида “сирли мижоз” усулидаги назорат тадбирлари ўтказилади.
“Сирли мижоз” усулидаги назорат тадбири Марказий банк ёки унинг ҳудудий филиаллари масъул ходимлари томонидан бевосита жойига чиққан ҳолда ёки масофадан туриб амалга оширилади.
Назорат тадбири кредит ташкилотини олдиндан хабардор қилмаган ҳолда амалга оширилади.
Назорат тадбирини ўтказиш учун Марказий банк раисининг ўринбосари ёки Марказий банк ҳудудий бош бошқармаси бошлиғининг фармойиши чиқарилади.
Назорат тадбирини ўтказиш учун 3 иш кунигача, давомли операциялар (ҳаракатлар) учун ушбу операциянинг (ҳаракатнинг) охирги кунигача бўлган муддат белгиланади.
Назорат тадбири якунлангандан сўнг, “сирли мижоз” томонидан далолатнома тузилади.
Уй-жой ва автомобиль учун тўловлар фақат нақд пулсиз амалга оширилади — янги қонун