Telegram-бот, наркотиклар ва миллионлаб доллар: ИИВ жиноий гуруҳни фош қилди

Тошкентда Telegram орқали гиёҳвандлик ва психотроп моддалар савдоси билан шуғулланган гуруҳ фош этилди. Текширувлар давомида 2 миллион 375 минг доллар криптоактивлар айланмаси аниқланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 дек – Sputnik. Telegram мессенжерида ноқонуний гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддалар савдоси учун яратилган махсус бот фош қилинди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу бот ИИВ Ахборот технологиялар соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фош қилинган. Шунингдек, ушбу бот орқали криптовалюталарни олиш, ўтказиш ва айирбошлаш билан шуғулланиб келаётган шахслар аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан пойтахтнинг Юнусобод туманида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида 1997 йилда туғилган А., 2001 йилда туғилган Ш. ва Т. исмли шахслар қўлга олинди, улар ушбу ботни бошқариб келгани маълум қилинди.
Тадбир доирасида 4 дона уяли телефон, 3 дона ноутбук, 12 дона турли хил банк пластик карталари, 11 дона SIM-карта ҳамда қоғозга ўралган гиёҳвандлик воситалари ашёвий далил сифатида олинди.

Гумонланувчилар А. ва Ш.нинг телефонлари кўздан кечирилганида хорижий ва бошқа криптоҳамёнлар орқали 95 мингга яқин транзакция амалга оширилгани ҳамда умумий ҳисобда 2 миллион 375 минг долларга тенг криптоактивлар айланмаси аниқланган.

Гумонланувчи А.нинг хонадони ҳолислар иштирокида кўздан кечирилганида унинг яшаш манзилидан 550 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари топилди.
Шунингдек, гумонланувчи Ш. билан ўтказилган суриштирувлар натижасида гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддалар савдоси учун яратилган махсус канал ҳам айнан ушбу шахслар томонидан бошқарилгани маълум бўлди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодекснинг:
278¹-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмаси),
243-моддаси (жиноий йўл билан олинган даромадларни легаллаштириш),
251¹-моддаси (жиноятни содир этиш учун ахборот технологияларидан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилди.
Чимкентда таркибида ўзбекистонликлар бор йирик халқаро гиёҳвандлик тармоғи қўлга олинди