Брендлар, СИ ва имтиёзли кредитлар: тўқимачиликни ривожлантириш режалари белгиланди

Тўқимачилик соҳасида ишлаб чиқариш, инвестиция ва экспортни оширишга қаратилган аниқ мақсадлар ҳамда амалий режалар белгилаб олинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 дек – Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев тўқимачилик саноатида 2025 йил якунлари ва 2026 йил учун устувор вазифаларга оид тақдимот билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
2026 йилда пахта хомашёсини чуқур қайта ишлаш, газлама, трикотаж ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш режалаштирилган. Ишлаб чиқариш ҳажмини 147 триллион сўмга, экспортни 3,3 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.
Тармоққа 2,2 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиниб, янги ишлаб чиқариш ва мато бўяш қувватлари барпо этилади. Соҳадаги асосий муаммолар сифатида импортга қарамлик, юқори молиявий харажатлар, логистика ва кадрлар етишмаслиги қайд этилди.
Бу масалаларни ҳал этиш учун 200 миллион доллар имтиёзли кредит ажратиш, корхоналарни молиявий соғломлаштириш, йирик брендлар билан ҳамкорликни кучайтириш, маркетинг тадқиқотларида иштирок этиш, хорижий корхоналар релокациясини рағбатлантириш, экспортчи корхоналар сонини ошириш, халқаро стандартлар, рақамлаштириш ва сунъий интелектни жорий этиш кўзда тутилган.
Президент таклиф этилган чора-тадбирларни маъқуллаб, тегишли вазифаларни белгилаб берди.
Ҳукумат қарори: енгил саноат корхоналарининг айрим харажатлари қоплаб берилади