Чет давлатлардан келаётган айрим рейслар Самарқандга йўналтирилди

Айрим аэропортларда вақтинчалик чекловлар ўрнатилиши ва парвоз хавфсизлиги билан боғлиқ ҳолатлар туфайли бир қатор халқаро рейслар Самарқанд аэропортига муқобил аэродром сифатида қўнди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 дек – Sputnik. Ўзбекистоннинг айрим аэропортларида ноқулай об-ҳаво шароити кузатилиши сабабли Самарқанд халқаро аэропорти бир қатор рейсларни муқобил аэродром сифатида қабул қилди. Бу ҳақда “Uzbekistan Airports” АЖ матбуот хизмати хабар берди.
Жумладан, Москва–Бухоро йўналишидаги рейс Бухоро аэропортида туман сабабли (кўриниш — 650 метр) вақтинчалик чекловлар жорий этилгани учун Самарқандга йўналтирилди. Самолёт соат 3:27 да қўнди.
Санкт-Петербург–Урганч рейси Урганч аэропортида кўриниш 200 метргача пасайгани боис Самарқандга йўналтирилди. Қўниш соат 6:17 да амалга оширилди.
Москва–Термиз рейси ҳам Термиз аэропортидаги чекловлар (туман, кўриниш — 200 метр) сабабли Самарқандда қўнди. Самолёт соат 6:03 да етиб келди.
Шунингдек, Москва–Бухоро йўналишидаги SU1876 рейси Бухородаги кўриниш 300 метрга тушгани сабабли Самарқандга йўналтирилди. Қўниш соат 6:36 да амалга оширилди.
Бундан ташқари, Истанбул–Наманган рейсида йўловчилардан бирининг аҳволи ёмонлашгани сабабли самолёт Самарқанд халқаро аэропортига қўнди. Самолёт соат 5:53 да етиб келган.
Россия лоукостери Москвадан Нукус ва Термизга арзон рейсларни йўлга қўймоқда