ТОШКЕНТ, 23 дек — Sputnik. Чехия Мудофаа вазирлиги Украина Қуролли кучлари учун ўқ-дорилар ташаббусидаги иштирокини тўхтатиш бўйича ҳужжатларни тайёрлайди. Бу ҳақда парламент депутатлари палатаси спикери ва ҳукмрон коалицияга кирувчи SPD (“Озодлик ва тўғридан-тўғри демократия”) ҳаракати етакчиси Томио Окамура маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Мудофаа вазирлиги Украинага ўқ-дорилар етказиб бериш бўйича ташаббусда ҳарбий идоранинг иштирокини тўхтатиш тўғрисидаги қарори учун ҳужжатларни тайёрлайди.
Окамуранинг таъкидлашича, мазкур ҳужжатлар аввал коалиция кенгашида, кейин эса ҳукумат томонидан муҳокама қилинади.
Шунингдек, у “бюджетдан олинган пуллар энди Украина учун ўқ-дорилар ва қурол-яроғ сотиб олишга сарфланмаслигини” қайд этди.
Шу билан бирга, Чехиянинг АҚШдан F-35 қирувчи самолётларини харид қилиши масаласига тўхталган Окамура “SPD учун бу харид ноўрин ва жуда қиммат”, деб билдирди. Унинг айтишича, ушбу масала республика Вазирлар Маҳкамасида муҳокама қилиниши керак.
Маълумот учун, 2024 йилда Чехия раҳбарияти учинчи мамлакатларда йирик калибрли артиллерия снарядларини жамлаб, кейинчалик уларни Украинага етказиб бериш ташаббуси билан чиққан эди. Бу ташаббусни бир қатор Ғарб давлатлари молиявий қўллаб-қувватлади.
Шу тариқа, 2024 йилда Украина Қуролли кучлари 1,5 миллион, 2025 йилда эса 1,8 миллион артиллерия снарядларини олди. Лойиҳани амалга оширишда Чехия асосан Нидерландия ва Дания билан ҳамкорлик қилди.
Чехия ташқи ишлар вазирлигининг собиқ раҳбари Ян Липавский CNN Prima NEWS телеканали эфирида маълум қилишича, Украина учун ўқ-дорилар ташаббусини молиялаштирган Ғарб давлатлари жами тахминан 100 миллиард крон (қарийб 4,8 миллиард доллар) маблағ ажратган.
Москва бир неча бор Украинага қурол етказиб бериш мамлакатни тўғридан-тўғри можарога тортувчи хатти-ҳаракатлар эканини таъкидлаган. Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавровнинг таъкидлашича, Украинага юборилаётган ҳар қандай қурол-аслаҳа юки Россия учун қонуний нишон ҳисобланади.
Кремль Ғарбнинг қурол етказиб бериши Украина бўйича музокараларга ёрдам бермаслиги, аксинча, вазиятни янада кескинлаштиришини қайд этади.