Божхона жараёнлари бўйича президент фармони имзоланди: қандай енгилликлар жорий этилди?

Ўзбекистонда божхона жараёнларини соддалаштириш ва ташқи савдо самарадорлигини оширишга қаратилган янги тартиботлар жорий этилиши белгиланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 дек – Sputnik. Ўзбекистонда божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо тартиботларини янада соддалаштириш ҳамда самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. Президент тегишли фармон имзолади.
Унга кўра, 2026 йил 1 мартдан товарларни чегара ўтказиш пунктларига етиб келгунига қадар дастлабки декларациялаш орқали эркин муомалага чиқариш божхона режимига жойлаштиришда:
божхона расмийлаштируви учун божхона йиғими миқдори 20 фоизга камайтирилади;
божхона тўловларини бўлиб-бўлиб (кечиктириб) тўлашда 14 кунгача фоизлар ҳисобланмайди.
2026 йил 1 майдан товарларни даврий декларация орқали расмийлаштиришда божхона тўловларини товарлар республика ҳудудига кириб келганида ҳар бир партия учун алоҳида тўлаш имконияти яратилади.
Божхона органларининг ахборот тизимида хавф аниқланмаган ҳолларда қуйидаги юклар бўйича божхона юк декларациялари автоматик тарзда расмийлаштирилади:
йирик солиқ тўловчи ташкилотлар, давлат ташкилотлари ҳамда давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар томонидан импорт қилинаётган ташқи савдо юклари;
тариф ва нотариф чекловлар қўлланилмайдиган экспорт юклари.
Шунингдек, тадбиркорларнинг барқарорлик рейтингида юқори ва ўрта даражаларни эгаллаган ваколатли иқтисодий операторларга қўшимча имкониятлар тақдим этилади. Хусусан:
божхона тўловлари ва солиқларни қайтариш ҳамда ўзаро ҳисобга олишда соддалаштирилган тартиботлар жорий этилади;
товарларни қадоқлаш, ўраш, саралаш ва тозалаш каби қайта ишлаш операциялари учун алоҳида рухсатнома талаб этилмайди.
Мирзиёев: мақсадимиз - 2030 йилгача Ўзбекистонни бюрократиядан холи ҳудудга айлантириш