Ўзбекистон ва ЕОИИ

Мирзиёев Санкт-Петербургда ЕОИИ билан ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб берди

Президент йиғилишда ЕОИИ билан савдо тўсиқларини камайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш, ҳамкорликни кучайтириш ва транспорт-божхона жараёнларини соддалаштиришга тўхталиб ўтди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 дек — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Санкт-Петербург шаҳрида Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида кузатувчи давлат раҳбари мақомида иштирок этди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Шавкат Мирзиёев ўз нутқида Ўзбекистон ва ЕОИИ муносабатларида қисқача тўхталиб ўтди.
Асосий баёнотлари:
Биз учун стратегик ва табиий шерикларимиз бўлган Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари билан прагматик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштириш принципиал аҳамият касб этмоқда.
Кузатувчи давлат мақомидаги ҳамкорликнинг сўнгги тўрт йилида Ўзбекистоннинг ЕОИИ мамлакатлари билан ташқи савдо айланмаси қарийб икки баробар ошди ва 20 миллиард долларга яқинлашди.
Қўшма ишчи гуруҳ форматидаги ишлар давом этмоқда: унинг бешинчи йиғилишини келгуси йилда Тошкент шаҳрида ўтказишни режалаштирмоқдамиз.
Ўзбекистон ва ЕОИИ божхона чегаралари орқали олиб ўтиладиган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида ахборот алмашиш тўғрисида битим тузиш бўйича музокараларни бошлаш ҳақидаги қарор қабул қилинганини олқишлаймиз.
Ўзбекистоннинг Евроосиё тараққиёт банкига қўшилиши ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим босқич бўлди.
Ўзбекистон EОИИ билан амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш тарафдоридир.
Шунингдек, давлат раҳбари ЕОИИ билан ҳамкорликни кенгайтириш борасида Ўзбекистоннинг устувор йўналишларини қисқача баён қилди.
Биринчи. Савдо тўсиқларини босқичма-босқич бартараф этиш асосий вазифа бўлиб қолмоқда. Техник жиҳатдан тартибга солиш, санитария ва фитосанитария меъёрлари бўйича ёндашувларни яқинлаштириш учун МДҲ ва ЕОИИ институтлари ўртасидаги мувофиқлаштиришни фаоллаштириш, ортиқча тартиб-таомилларни бекор қилиш ва талабларни бирхиллаштириш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқиш зарур. Шунингдек, тариф ва нотариф тўсиқлар масалаларини тезкор ҳал этиш мақсадида “Ўзбекистон – ЕОИИ” қўшма мувофиқлаштирувчи гуруҳини тузиш таклиф этилди.
Иккинчи. Саноат кооперациясини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Машинасозлик, энергетика, агросаноат мажмуи, кимё ва бошқа тармоқларда қўшма лойиҳалар рўйхатини шакллантириш, шунингдек Ўзбекистоннинг Евроосиё тараққиёт банкига қўшилиши муносабати билан инфратузилмавий, “яшил” лойиҳалар ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлашни қамраб олган “йўл харитаси” ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ экани қайд этилди.
Учинчи. Рақамли технологиялар соҳасида ҳамкорликни кучайтириш, электрон тижорат, рақамли маркировкалаш, божхона маъмуриятчилигини рақамлаштириш ҳамда юк ташишнинг “чоксиз” моделига ўтиш устувор вазифалар сифатида белгиланди.
Тўртинчи. Ўзбекистон ЕОИИнинг биотиббиёт, янги материаллар, агротехнологиялар, энергетика ва робототехника йўналишларидаги технологик платформаларига қўшилишдан манфаатдор экани билдирилди.
Бешинчи. Туризм соҳасида интеграциялашган ахборот ресурсини шакллантиришга қўшилиш мамлакатлар туристик маҳсулотларининг ўзаро боғлиқлигини таъминлаши таъкидланди.
ЕОИИ

Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) - 2015 йил 1 январдан фаолият юритиб келаётган халқаро иқтисодий бирлашма. Иттифоққа ҳозир Россия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзодир. Ўзбекистон 2020 йилда ЕОИИда кузатувчи мақомини олди. Молдова, Куба, Эрон ҳам кузатувчи мақомига эга.

Ўзбекистон ва ЕОИИ
Президент Россияга ташриф билан борди — кун тартибида қандай масалалар бор?