ТОШКЕНТ, 19 дек – Sputnik. 2026 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 6,8 фоизга ўсади, инфляция эса 6,7 фоизни ташкил этиб, бир АҚШ долларининг ўртача йиллик курси тахминан 12 800 сўм даражасида бўлади. Бу ҳақда Евроосиё тараққиёт банки (ЕОТБ) тақдим этган янги макроиқтисодий прогнозда қайд этилган.
Баёнотга кўра, иқтисодий ўсиш юқори инвестициялар ҳамда олтиннинг қулай нархи ҳисобига таъминланади. Инфляция Марказий банкнинг мақсадли йўналишлари доирасида пасайишда давом этиб, 2026 йил охирига бориб 6,7 фоизгача секинлашиши мумкин. Қулай нархлар конъюнктураси шароитида пул ўтказмаларининг юқори даражада сақланиб қолиши ҳамда металлар экспорти ҳажмининг ўсиши миллий валютани қўллаб-қувватлайди.
Шунингдек, Марказий Осиё мамлакатларининг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 600 миллиард доллардан ошиб кетиши кутилмоқда. Бундай натижа фаол инвестициялар ҳамда кучли истеъмол талаби ҳисобига таъминланади.
ЕОТБ прогнозларига кўра, Евроосиё мамлакатлари иқтисодиёти 2026 йилда 9,3 фоизгача ўсишни намойиш этади. Айни пайтда Марказий Осиё давлатлари сўнгги ўн йилликдаги энг юқори иқтисодий ўсиш суръатларини қайд этмоқда.
“2025 йил якунига кўра, биз 6,6 фоизлик ўсишни кутмоқдамиз. 2026 йилда эса минтақа ишончли ўсишни давом эттиради — тахминан 6,1 фоиз, бу ўртача жаҳон кўрсаткичларидан юқори”, — дейилади баёнотда.
ЕОТБнинг 2026 йил учун олти мамлакат бўйича асосий ҳисоб-китоблари қуйидагича:
Арманистон. Иқтисодиёт юқори инвестицион фаоллик, аҳолини кредитлашнинг кенгайиши ва барқарор ташқи талаб фонида 5,3 фоизга ўсади.
Беларусь. ЯИМ 1,8 фоизга ошади. Бунга ҳукуматнинг инвестицияларни рағбатлантириш, ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш ҳамда аҳоли даромадларининг ўсиши бўйича кўрилаётган чора-тадбирлари хизмат қилади.
Қозоғистон. Иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръати хомашё бўлмаган секторда инвестиция салоҳиятини очиш ҳисобига сақланиб қолади — 5,5 фоиз. Қайта ишлаш саноати ва агросаноат мажмуасида 100 дан ортиқ инвестиция лойиҳасини ишга тушириш режалаштирилган.
Қирғизистон. Ўсиш суръатлари бўйича минтақа етакчиси бўлиб қолади. Транспорт, энергетика ва сув таъминоти соҳаларига инвестициялар, шунингдек, юқори қурилиш ва истеъмол фаоллиги ҳисобига ЯИМ 9,3 фоизга ошади.
Россия. ЯИМ ўсиши 1,4 фоизгача тезлашади. Аҳоли даромадларининг ўсиши истеъмолнинг янада кенгайишига туртки беради. Асосий ставканинг пасайиши кредитлаш ва инвестиция фаоллигини тиклашга йўл очади.
Тожикистон. ЯИМнинг 8,1 фоизга ўсиши минтақадаги энг юқори кўрсаткичлардан бири ҳисобланади. Асосий драйвер — инвестициялар: энергетика ва металлургиядан тортиб, қазиб олиш сектори ва инфратузилмагача бўлган йўналишларда.