Эко-стикерларга изоҳ берилди: гибрид ва 3 йилдан ошмаган автомобиллар тоза тоифага киради

Экологик стикерлар жорий этилиши ҳамда транспорт воситаларининг ташламаларини тартибга солишга оид янги тартиб ва қоидалар юзасидан тушунтириш берилди
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 дек – Sputnik. Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси “Экологик транспорт” тизими жорий этилиши муносабати билан транспорт воситаларини экологик тоифа ва синфларга ажратиш ҳамда экологик стикерлар бериш тартибига оид қоидалар юзасидан тушунтириш берди.
Қайд этилишича, экологик стикер мутлақо бепул бўлиб, транспорт воситасининг экологик тоифасини тасдиқловчи электрон маълумотларни ўз ичига олган ёрлиқ ҳисобланади.
Экологик стикерлар уч хил рангда бўлади:
Яшил — “тоза” экологик даража;
Сариқ — “ўртача” экологик даража;
Қизил — “зарарли” экологик даража.
Қўлланилмайдиган транспорт воситалари
Мазкур низом талаблари қуйидаги транспорт воситаларига нисбатан татбиқ этилмайди:
• транзит орқали ҳаракатланаётган транспортлар;
• Ўзбекистон ҳудудида 90 кунгача вақтинча бўлиб турган транспорт воситалари;
• электромобиллар ва электромототсикллар;
• мотоцикл, скутер, мопед ва уч ғилдиракли транспортлар;
• тезкор ва махсус хизмат транспортлари;
• жамоат транспорти (такси ва йўналишли таксидан ташқари);
• қишлоқ хўжалиги техникалари;
• “ногиронлиги бўлган шахс” белгиси ўрнатилган транспорт воситалари.
Экологик тоифа қандай аниқланади?
Транспорт воситасининг экологик тоифаси:
• ишлаб чиқарувчи томонидан тасдиқланган экологик синф (“Евро” стандартлари) асосида;
• экологик синфи аниқланмаган ҳолатларда эса диагностика текширувлари натижаларига кўра белгиланади.
Диагностика текширувлари ИИВ ҳузуридаги махсус экологик операторлар томонидан ўтказилади ҳамда барча маълумотлар “Автомототранспорт ҳисоби” ягона электрон тизимида қайд этилади.
“Евро” стандартлари бўйича тақсимот
Бензин ва газда ишловчи транспортлар:
“Евро-2” ва ундан юқори — тоза;
“Евро-0” ва “Евро-1” — ўртача.
Дизель ёқилғили транспортлар:
“Евро-4” ва ундан юқори — тоза;
“Евро-3” — ўртача;
“Евро-0”, “Евро-1”, “Евро-2” — зарарли.
Шунингдек, гибрид транспорт воситалари ҳамда 3 йилдан ошмаган автомобиллар автоматик равишда “тоза” тоифага киритилади.
Эко-стикер қаерда ва қандай берилади?
• фойдаланишда бўлган транспортлар учун — ихтиёрий мурожаат асосида;
• транспорт воситасини рўйхатга олиш ёки қайта рўйхатдан ўтказиш жараёнида — автоматик равишда, бепул.
Стикер олд ойнанинг пастки ўнг бурчагига, ички томондан ёпиштирилади.
Экологик стикерлар муддатсиз берилади. Бироқ қуйидаги ҳолатларда у қайта расмийлаштирилади:
• транспорт эгаси ёки давлат рақами ўзгарганда;
• олд ойна алмаштирилганда;
• стикер шикастланганда ёки ўқилмас ҳолга келганда.
Қайта диагностика ва тўлов
Транспорт воситаси эгаси:
• йилига бир марта бепул қайта диагностика ўтказиб, экологик тоифани яхшилаш ҳуқуқига эга;
• такрорий текширувлар эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдорида тўлов эвазига амалга оширилади.
Автотранспортларга экологик стикерлар берилади – тартиб маълум