ТОШКЕНТ, 18 дек – Sputnik. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган радиофармацевтик препаратлар бугунги кунда нафақат мамлакат ичида, балки МДҲ давлатларидан то Европа, АҚШ ва Яқин Шарққача бўлган ҳудудларда ҳам ишлатилмоқда. Улар онкологик, кардиологик ва эндокрин касалликларни аниқлаш ҳамда даволашда фойдаланилади.
Радиоактив хомашё Ўзбекистон Фанлар академиясининг Ядро физикаси институти негизида 1976 йилда ташкил этилган “Радиопрепарат” корхонасидаги ядро реакторида олинади. У ердан материал қўрғошин контейнерларда ишлаб чиқариш жойига етказилади, бу ерда хомашё қатъий назоратдан ва бир неча босқичли текширувдан ўтади.
“Россияга экспортга асосан радиофармацевтик модда - лютеций хлоридни жўнатамиз. Бу простата бези саратонини даволаш учун радиофармпрепаратлар ишлаб чиқаришда ишлатиладиган асосий моддадир”, - дейди ишлаб чиқаришни назорат қилиш бўлими бошлиғи Зафар Усаров.
Логистикага алоҳида эътибор қаратилади. Маркетинг бўлими бошлиғи Акмал Шукуровнинг айтишича, корхона мутахассислари Россияда махсус тайёргарликдан ўтиб, сертификат олади. Бу эса хавфли юкларни барча халқаро талабларга мувофиқ ҳаво транспортида ташиш имконини беради.
“Юкнинг тез етказиб берилиши бир нечта беморнинг ўз вақтида даволанишини таъминлайди”, - деб таъкидлайди у.
Бугунги кунда Ўзбекистондан радиопрепаратлар Қозоғистон, Россия, БАА, Саудия Арабистони, Германия, АҚШ ва Хитойга экспорт қилинмоқда. Фақатгина 2025 йилнинг ўзида корхона 30 тага яқин экспорт шартномасини имзолаган.
“Асосий талаб - маҳсулот сифати. Баъзи радиоизотоплар бўйича биз жаҳон истеъмолининг 80% дан ортиғини етказиб берамиз”, - дея таъкидлайди Шукуров.
Радиопрепаратлар қандай ишлаб чиқарилиши ва улар билан ишлайдиган лабораториялар қандай кўриниши ҳақида Sputnik Ўзбекистон видеосида томоша қилинг