ТОШКЕНТ, 18 дек – Sputnik. Россиянинг бюджетли (лоукостер) авиакомпанияси — "Победа" Москвадан Термиз ва Нукус шаҳарларига янги халқаро рейслар учун чипталар савдосини бошлади.
Москва — Термиз йўналиши бўйича биринчи парвоз 2026 йил 28 февралга режалаштирилган. Москвадан Нукусга илк рейс эса 2026 йил 7 март куни амалга оширилиши кўзда тутилган.
Москва — Термиз йўналиши бўйича чипта нархи тахминан 1 миллион 400 минг сўмдан, Москва — Нукус рейси бўйича эса 1 миллион 500 минг сўмдан бошланади.
Эслатиб ўтамиз, 16 декабрь куни "Победа" ("Аэрофлот" гуруҳи) Москва — Фарғона йўналиши бўйича тўғридан-тўғри мунтазам рейсларни амалга оширишни бошлаган эди. Илк рейс 100 фоиз тўлиқлик билан бажарилди. Москвадан Фарғонага парвозлар ҳафтасига уч марта — сешанба, пайшанба ва якшанба кунлари амалга оширилади.
Бундан ташқари, "Победа" жадвалида Москвадан Тошкент ва Самарқандга ҳам рейслар мавжуд.