ТОШКЕНТ, 18 дек – Sputnik. Сенатнинг 12-ялпи мажлисида айрим тадбирлар учун қўшимча маблағ ажратишни назарда тутувчи "2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида"ги қонунга ўзгартиришлар киритиш ҳақида"ги қонун мақулланди.
Таъкидланишича, тадбирларни ўз вақтида молиялаштириш ва қўшимча харажатлар манбаларини аниқлаш зарурати юзага келган.
Қонунга мувофиқ, "Камбағалликдан фаровонлик сари" дастури доирасидаги тадбирларни молиялаштириш, шунингдек, кўп квартирали уйлар ва ижтимоий соҳа муассасаларида энергия самарадорлигини ошириш бўйича ишлар учун қўшимча маблағ ажратилади.
Бундан ташқари, мавжуд маблағларни мақбуллаштириш ҳамда уларнинг бир қисмини қўшимча харажатларга йўналтириш назарда тутилмоқда.