ТОШКЕНТ, 17 дек — Sputnik.Украина Қуролли кучларининг собиқ бош қўмондони, ҳозирда Буюк Британиядаги Украина элчиси Валерий Залужний фронтдан ҳарбийларнинг оммавий равишда қайтиши ва уларни жамиятга қайта интеграция қилишдаги қийинчиликлар мамлакатда фуқаролар уруши хавфини келтириб чиқариши мумкинлигини билдирди.
Унинг айтишича, ушбу муаммолар Украинада сиёсий беқарорлик ва миллий хавфсизликка жиддий таҳдид туғдириши эҳтимоли бор. Залужний бу ҳақда Novini.LIVE телеканали эфирида сўз юритди.
“Буларнинг барчаси Украинада сиёсий беқарорлик хавфини кучайтиради ва миллий хавфсизликка таҳдид солиши мумкин. Масалан, фуқаролар уруши каби”, — деди у.
Залужний Иккинчи жаҳон уруши ва Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатлар тажрибасини эслаб, урушдан қайтган ҳарбийларни жамиятга мослаштириш масаласига етарлича эътибор берилмаса, оғир оқибатлар келиб чиқиши мумкинлигини таъкидлади.
“Бир миллионга яқин ҳарбий хизматчининг қайтиши мамлакат, фуқаролик жамияти ва энг аввало, ҳарбийларнинг ўзлари учун жуда катта чақириқ бўлади”, — деди дипломат.
Шу билан бирга, Украина Олий Радасининг миллий хавфсизлик ва мудофаа масалалари бўйича қўмитаси котиби Роман Костенко Украина Қуролли кучлари Бош штаби қочқинлик учун жавобгарликни кучайтиришни, жумладан, айрим конституциявий ҳуқуқларни чеклаш масаласини кўтарганини маълум қилди.
Маълум қилинишича, декабрь ойида Украина Бош прокуратураси ҳарбий қисмни ўзбошимчалик билан тарк этиш ва дезертирликка оид жиноят ишлари статистикасини очиқ эълон қилишни тўхтатган.
Аввалроқ Костенко ноябрь ойида Украинада сафарбар этилганларнинг қарийб 80 фоизи ўқув марказларидан тўғридан-тўғри қочиб кетганини, мамлакатда дезертирлар сони миллионлаб эканини ва бу кўрсаткичлар тез орада армия умумий сонига яқинлашиши мумкинлигини айтган эди.