Президент: 2026 йил Тошкент учун “Жадал ривожланиш ва аҳоли даромадлари ўсиши” йили бўлади

Йиғилишда Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ислоҳотлар белгилаб олинди. 2026 йил пойтахт учун “Жадал ривожланиш ва аҳоли даромадлари ўсиши” йили деб эълон қилинди
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 дек — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, шаҳар муҳитини яхшилаш ва аҳоли учун муносиб яшаш шароитларини яратиш масалалари муҳокама қилинди.
2030 йилга бориб пойтахт аҳолиси 3,5 миллиондан ошиши, ЯИМ 52 миллиард долларга, жон бошига даромад эса қарийб 2 баробарга кўпайиши режалаштирилган.
2026 йил Тошкент учун “Жадал ривожланиш ва аҳоли даромадлари ўсиши” йили деб эълон қилинди.
Пойтахт туманлари 3 йўналишда ривожлантирилиб, 2026 йилда 9 миллиард, икки йилда 20 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этиш мақсади қўйилди. Сергели, Янгиҳаёт ва Бектемирда саноат ва логистика, бошқа туманларда хизматлар, креатив иқтисодиёт, IT, стартап, молия, тиббиёт ва таълим устувор йўналишлар бўлади.
Шаҳарда мактаб, боғча ва спорт иншоотларига эҳтиёжни қоплаш, “Тошкент тажрибаси” асосида иқтидорли ўқувчиларни тайёрлаш тизимини кенгайтириш белгиланди. Транспорт тизими сунъий интеллект асосида ягона марказ орқали бошқарилади, “ақлли” чорраҳалар, электробуслар, пиёда ва велойўлаклар сони оширилади.
Экологияни яхшилаш мақсадида сунъий кўллар, яшил боғлар, сайилгоҳлар, канал ва дренаж тизимлари қурилади. Ёмғир сувини йиғиш ва яшил ҳудудларни суғоришга йўналтириш режалаштирилган.
Пойтахт бошқарувида маҳаллий бюджет ваколатлари кенгайтирилиб, “Ўзбекистон Республикаси пойтахтининг мақоми тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш зарурлиги таъкидланди. 2026 йилдан “маҳалла еттилиги” тўлиқ шаҳар ҳокимлиги ихтиёрига ўтиб, аҳоли муаммоларини ҳал қилишга қаратилган янги тизим жорий этилади.
Тошкентда йирик иссиқлик таъминоти маркази ишга туширилди