ТОШКЕНТ, 17 дек – Sputnik. “Росатом”нинг ёқилғи дивизиони (бошқарув компанияси — “ТВЭЛ” АЖ) Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институти билан ВВР-СМ тадқиқот реактори учун модификацияланган ядро ёқилғисини етказиб бериш бўйича шартномани бажарди. Бу ҳақда “ТВЭЛ” АЖ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, мазкур реактор ядро физикаси, радиацион материалшунослик, активацион таҳлил, минералларни нурлантириш, шунингдек, тиббий ва саноат мақсадлари учун радиоизотоплар ишлаб чиқаришда қўлланилади.
Ёқилғи Новосибирск кимёвий концентратлар заводи томонидан ишлаб чиқарилган бўлиб, зич уранли ва уран-силицидли ёқилғи кассеталари илгари етказиб берилган стандарт ИРТ-4М кассеталарига нисбатан юқори эксплуатацион кўрсаткичларга эга. Уран концентрациясининг юқорилиги реакторнинг ёқилғи кампанияси давомийлигини узайтириш имконини беради.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил май ойида Ўзбекистоннинг Жиззах вилоятида Россия дизайнидаги РИТМ-200Н реакторлари асосида кичик қувватли атом электр станциясини қуриш бўйича шартнома имзоланган эди. Ушбу лойиҳа дунёдаги биринчи кичик қувватли АЭС бўйича экспорт шартномаси ҳисобланади.
Шунингдек, “ТВЭЛ” АЖ ва Ўзбекистон Ядро физикаси институти кўп йиллардан буён ядровий объектларни фойдаланишдан чиқариш ҳамда радиоактив чиқиндилар билан ишлаш соҳасида ҳамкорлик қилиб келмоқда. 2019 йилдан Тошкент шаҳрида МИФИ НИЯУнинг филиали ҳам фаолият юритмоқда.
Маълумот учун, “ТВЭЛ” АЖ Россия атом электр станциялари учун ягона ядро ёқилғиси етказиб берувчи ҳисобланади. Компания маҳсулотлари дунёнинг 15 та давлатидаги 70 дан ортиқ энергетика реактори ҳамда қатор тадқиқот реакторларида қўлланилади. Ҳозирда дунёдаги ҳар олтинчи энергетик реактор ТВЭЛ ёқилғисида ишлайди.