ТОШКЕНТ, 16 дек — Sputnik. АҚШ ҳарбий ёрдамининг қисқариши Украина учун жиддий муаммога айланмоқда. Ғарб қуроллари камайиб бораётган шароитда Украина Қуролли кучлари қўмондонлиги охирги чораларга ўтмоқда. РИА Новости шу мавзуда “Нега Зеленскийнинг қўлида фақат ҳамкорларнинг қуруқ ваъдалари қолмоқда” таҳлилини тақдим қилди.
Килдаги Жаҳон иқтисодиёти институти (IfW) маълумотларига кўра, 2022–2024 йилларда Ғарб давлатлари Украинага йилига ўртача 48 миллиард доллар ёрдам ажратган. 2025 йилда эса бу кўрсаткич 38 миллиард долларга тушган. Бу асосан Жо Байден маъмурияти даврида қабул қилинган дастурлар ҳисобидан таъминланган.
Германия, Франция ва Буюк Британия ўз ҳиссаларини оширган бўлса-да, Италия ёрдамни қисқартирди, Испания эса умуман маблағ ажратмади. Олий раданинг собиқ депутати Олег Царёвнинг таъкидлашича, АҚШсиз бундай ҳажмни сақлаб қолиш, ҳатто Вашингтондан қурол сотиб олиш ҳам амалда имконсиз.
Ғарб расман тан олмаётган бўлса-да, Киевда вазият оғир. Британиянинг "The Spectator" журнали Зеленскийнинг Европа бўйлаб сўнгги сафари натижасиз бўлганини ёзди: иттифоқчилар сиёсий қўллаб-қувватлаш билан чекланиб, реал пул ва қурол билан таъминлашга қодир эмас.
Ҳозир Украина Байден даврида тасдиқланган ҳарбий пакетларнинг қолдиқлари билан кифояланмоқда. УҚК бош қўмондони Александр Сирский Вашингтон сиёсатини ўзгаришига умид қилаётганини айтган бўлса-да, асосий таянч сифатида Европани кўрсатмоқда.
Бироқ у ҳам асосий муаммо қурол эмас, балки инсон ресурси эканини очиқ тан олди. Шу боис сафарбарликдан бошқа йўл қолмаган. УҚК ҳужум қўшинлари раҳбарларидан бири Валентин Манько ойига камида 60 минг янги аскар талаб этилишини билдирди. Шу билан бирга, жанг майдонидан қочиш ҳолатлари кўпайгани ҳам яширилмаяпти.
Strana.ua хабарига кўра, янги қоидалар асосида қочган ҳарбийлар бўлинма танлаш ҳуқуқисиз, тўғридан-тўғри фронтга юборилмоқда.
Зеленский Европа Иттифоқи PURL дастури орқали АҚШ қуролларини сотиб олишга ёрдам беради, деган умидда. 2026 йил учун 15 миллиард долларлик режа бор, аммо қарор барибир Вашингтон қўлида.
"The New York Times" мухбири Стивен Эрлангернинг фикрича, Европа етакчилари бир вақтнинг ўзида ҳам Украинани молиялаштириш, ҳам ўз мудофаасини кучайтиришга мажбур. Бироқ бюджетлар чекланган, давлат қарзи эса ўсиб бормоқда.
Россия Фанлар академияси эксперти Дмитрий Данилов эса ЕИ Украина бўйича "берк кўча"га кириб қолганини таъкидлайди. Унинг сўзларига кўра, аввал ишлатилган молиявий ресурслар тугаган, янги манбалар эса ҳали топилмаган.
Хулоса оддий: Европада Украина учун пул тобора камаймоқда, АҚШ эса ёрдамни давом эттиришга шошилмаяпти. Киев учун эса Ғарбнинг баландпарвоз баёнотларидан ташқари аниқ кафолатлар қолмаяпти.