ТОШКЕНТ, 16 дек — Sputnik. 13-15 декабрь кунлари Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Кувайтга амалий ташриф билан бўлиб, мамлакат ҳукумати, ишбилармон доиралар ва молиявий институтлар вакиллари билан музокаралар ўтказди.
Шунингдек, у Ўзбекистон–Кувайт Ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг иккинчи йиғилишида иштирок этди.
Вазир Кувайт нефть вазири ва "Kuwait Petroleum Corporation" раиси, савдо ва саноат вазири ҳамда бир қатор соҳаларда вазир вазифасини бажараётган расмийлар билан учрашувлар ўтказди.
Музокараларда нефть-газ ва нефть-кимё соҳаларида ҳамкорлик, логистика ва савдо, авиация ёқилғиси етказиб бериш, мева-сабзавот экспортини кенгайтириш, стандартларни ўзаро тан олиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, инвестициявий ҳамкорликни чуқурлаштириш, икки томонлама савдони кенгайтириш ва "Форс кўрфази мамлакатлари – Марказий Осиё" Тараққиёт жамғармасини ташкил этиш ташаббуси кўриб чиқилди.
Ташриф давомида Ўзбекистон–Кувайт бизнес-форуми ва "Made in Uzbekistan" кўргазмаси ўтказилди. Сўнгги беш йилда товар айирбошлаш ҳажми беш баробардан ортиқ ошгани қайд этилди.
Ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида агросаноат, нефть-кимё, инфратузилма, транспорт-логистика, рақамли ва молиявий хизматлар белгиланди.
Электрон тижорат, исломий молия, қурилиш, саноат ва соғлиқни сақлаш соҳаларида Кувайт ишбилармон доиралари билан учрашувлар ўтказилди.Ташриф якунида бир қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.