ТОШКЕНТ, 16 дек — Sputnik. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги директори Иброҳим Эргашев Эронга ташриф буюриб, мамлакат Ўсимликлар карантини хизмати раҳбари билан учрашув ўтказди.
Музокараларда Ўзбекистоннинг лимон, узум, ўрик ва гилос маҳсулотларини Эронга экспорт қилиш учун фитосанитар хавф таҳлили бўйича ҳужжатлар якуний босқичга етгани маълум қилинди.
Шунингдек, томонлар Ўзбекистоннинг фитосанитар талабларига мос картошка маҳсулотини етказиб бериш масаласини муҳокама қилди. Импорт ҳажми 100 минг тоннадан 200 минг тоннагача етиши мумкин.
Эрон ҳукумати картошка импортчилари учун давлат томонидан қўллаб-қувватлаш дастури ишлаб чиқилишини маълум қилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Эрон ўртасида фитосанитар сертификатларни онлайн алмашиш мақсадида миллий ахборот платформаларини интеграция қилиш ҳамда бу йўналишда махсус "йўл харита" ишлаб чиқишга келишиб олинди.