“Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўлининг молиялаштириш шартлари эълон қилинди

Маълум қилинишича, лойиҳа қиймати 4,7 миллиард долларга баҳоланмоқда, Ўзбекистоннинг ушбу лойиҳадаги улуши 24,5 фоизни ташкил этади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 дек — Sputnik. “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлини қуриш лойиҳасини молиялаштириш учун кредит битими имзоланди. Бу ҳақда Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати хабар берди.
Келишув “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўл компанияси” МЧЖ (қўшма лойиҳа компанияси) ҳамда Хитой банклар синдикати, жумладан, Хитой Давлат тараққиёт банки ва Эксимбанки ўртасида тузилди.
Маълум қилинишича, темир йўл лойиҳасининг умумий қиймати 4,7 миллиард доллар деб баҳоланмоқда. Шу маблағдан 2,3 миллиард доллар Хитой томонидан қўшма лойиҳа компаниясига 35 йил муддатга кредит сифатида тақдим этилади. Кредитни қайтариш қўшма компания томонидан амалга оширилади.
Қолган 2,3 миллиард доллар эса уч давлат томонидан қўшма лойиҳа компанияси устав капиталига қуйидаги улушларда киритилади: Хитой — 51 фоиз, Қирғизистон ва Ўзбекистон — 24,5 фоиздан.
Таъкидланишича, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилишига расман 2024 йил 27 декабрда уч давлат президентлари томонидан старт берилган.
Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли: Андижонда логистика маркази қурилиши мумкин