Президент U-20 Жаҳон чемпионатига тайёргарлик бўйича қарор имзолади — тафсилотлар

Президент қарори билан 2027 йилда бўлиб ўтадиган футбол бўйича U-20 Жаҳон чемпионатини юқори савияда ташкил этишга қаратилган чора-тадбирлар белгиланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 дек — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев 2027 йилда Ўзбекистон ва Озарбайжонда бўлиб ўтадиган футбол бўйича U-20 Жаҳон чемпионатини юқори савияда ташкил этиш бўйича қарор қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Қарорга мувофиқ, чемпионатга тайёргарликнинг устувор йўналишлари этиб:
ФИФА талабларига мос спорт ва транспорт инфратузилмасини яратиш;
иштирокчилар ва мухлислар учун юқори сифатли хизматлар кўрсатиш;
мусобақа орқали Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини ошириш белгиланди.
Маълум қилинишича, 2025 йил 2 октябрда ФИФА Кенгаши U-20 Жаҳон чемпионатини Ўзбекистон ва Озарбайжонда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилган.
Чемпионатга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Ташкилий қўмита тузилиб, унга давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, инфратузилмани янгилаш, транспорт, виза, тиббий хизмат ва волонтёрлик ишларини ташкил этиш вазифалари юклатилди.
Қарорга кўра:
2027 йилги чемпионат харажатлари манбалари алоҳида тасдиқланади;
ўйин кунлари аккредитациядан ўтган шахслар ва чипта эгалари учун жамоат транспортида бепул ҳаракатланиш таъминланади;
ФИФАнинг Марказий Осиё учун минтақавий офиси Тошкент шаҳрида очилади.
Шунингдек, Ўзбекистон футбол ассоциациясига Янги Тошкентда барпо этилаётган марказий стадионни ФИФА талабларига мослаштириш, чемпионат рамзлари ва Жаҳон кубогини оммага таништириш вазифалари юклатилди.
Жаҳон чемпионатига тайёргарлик ва уни ўтказиш учун зарур маблағлар 2026–2027 йиллар Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.
Ўзбекистон ва Озарбайжон футбол бўйича U-20 жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади