Электрон рецепт тизими босқичма-босқич жорий этилади - ССВ

Антибиотик, синтетик антибактериал препарат ва гормонал дорилар учун рецептлар мажбурий бўлади. Қоғоз рецептлар билан сотишга вақтинча рухсат берилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 дек — Sputnik. Тошкент шаҳри ва 15 та тажриба-синов ҳудудида босқичма-босқич жорий этилаётган “Электрон рецепт” тизими юзасидан учрашувда тиббиёт ходимлари тажрибаси ва беморлар эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда тартиб-таомилларни такомиллаштириш таклифлари муҳокама қилинди.
Мутахассислар ўртасида мунтазам мулоқотни йўлга қўйиш учун ССВ ҳузурида Экспертлар кенгаши ташкил этилди. Кенгашнинг очиқ йиғилишлари ҳар жума куни ўтказилади.
Тушунтирилишича:
рецепт (шу жумладан электрон рецепт) ёзиш фақат шифокор ваколатига киради;
дори тиббиёт муассасасида мавжуд бўлмаса, шифокор рецепт ёзади, маълумотларни тизимга дорихона фармацевти киритади;
дорилар электрон рецепт, QR-код ёки ЖШШИР асосида берилади;
чет эл фуқаролари давлат тиббиёт муассасаларида умумий тартибда рўйхатдан ўтиб электрон рецепт олиши мумкин.
Аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида 1003 қисқа рақамли туну кун ишлайдиган Call-марказ фаолият юритмоқда.
Ётоқ режимидаги ва сурункали касалликка чалинган беморлар оилавий шифокорига телефон орқали мурожаат қилиши, рақамни билмаса, Call-марказ орқали ёрдам олиши мумкин.
Муҳокамалар якунида Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи қабул қилинди. Унга кўра:
1.
Тошкент шаҳри ва 15 та ҳудудда электрон рецептлар халқаро патентланмаган номлар асосида расмийлаштирилади;
2.
Техник имконият бўлса, тиббиёт ва фармацевтика ташкилотлари DMED тизимига бепул уланади ва вазирлик платформасига интеграция қилинади;
3.
Электрон рецепт асосида бериладиган дори воситалари рўйхати Экспертлар кенгаши томонидан босқичма-босқич тасдиқланади;
4.
Антибиотиклар, синтетик антибактериал ва гормонал препаратлар учун электрон рецепт мажбурий бўлган биринчи босқич белгиланади;
5.
Шифокорнинг электрон рецепт ёзиш ваколатлари ва фармацевт томонидан маълумот киритишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланади;
6.
Дорихоналарда рецептли дори воситалари электрон рецепт (ЖШШИР орқали ҳам) асосида берилади, тизим тўлиқ жорий этилгунга қадар ва фавқулодда ҳолатларда қоғоз рецепт сақланади;
7.
Электрон рецепти бўлмаган ҳолда фармацевт ЖШШИР орқали тизимдан рецептни кўриб, дори бериш ҳуқуқига эга бўлади;
8.
Ўзбекистон ва чет эл фуқароларининг тиббий ёрдам ва дори олиш ҳуқуқлари, шу жумладан, шошилинч ҳолатларда таъминланади;
9.
Доимий тушунтириш ва қайта алоқа, жумладан 1003 Call-марказ орқали масофавий мурожаат орқали рецепт олиш, патронаж хизмати йўлга қўйилади;
10.
Сурункали касалликларга чалинган беморларга:
60 кунгача — муайян тоифадаги дори воситалари учун;
90 кунгача — бошқа дори воситалари учун (реимбурсацияда 30 кунгача) рецепт ёзиш тартиби белгиланади.
Бу ҳолларда электрон рецепт ва QR-код амал қилиш муддати даволаш курсига мувофиқ узайтирилади.
ССВнинг қайд этишича, "Электрон рецепт" тизими, энг аввало, даволаш хавфсизлигини ошириш, дори воситаларини тайинлашда масъулиятни кучайтириш ва уларнинг айланмасини тартибга солишга қаратилган.
"Ушбу тизим доимий мониторинг асосида фуқаролар ва тиббиёт ходимларининг фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда босқичма-босқич жорий этилмоқда", — дейилади хабарда.
ССВ “Электрон рецепт” тизими юзасидан тушунтириш берди