Россиянинг Донбассдаги махсус ҳарбий операцияси

Зеленский Украина Қримни қайтаролмаслиги ва НАТОга кириш умиди камлигини тан олди

Зеленский Қримни қайтариш учун Украинада етарли куч ва қўллаб-қувватлаш йўқлигини билдирди. Шунингдек, у мамлакатнинг НАТОга қабул қилиниши бўйича ҳам умидлар камлигини айтди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 дек — Sputnik. Владимир Зеленский Қримни Украина таркибига қайтариш имконияти ҳозирча йўқлигини тан олди.
Унинг айтишича, мамлакат Қрим бўйича режаларни амалга ошириш учун етарли қувват ва халқаро қўллаб-қувватлашга эга эмас.

“Ростини айтсам, ҳозир бунинг барчасига кучимиз етмайди. Бу вазифалар учун бизга етарли даражада қўллаб-қувватлаш йўқ", — деди Зеленский.

Қрим 2014 йил март ойида Украинадаги давлат тўнтарилишидан кейин ўтказилган референдум якунларига кўра Россия таркибига кирди. Украина ва Ғарб давлатлари бу референдум натижаларини тан олмаган, Киев эса ҳозиргача Қримни ўз ҳудуди деб ҳисоблайди. Украина минтақага ҳужум қилиб туради.
Россия томони бир неча бор референдум халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ўтказилганини таъкидлаган. Владимир Путиннинг сўзларига кўра, Қрим масаласи “узил-кесил ёпилган” ва ҳудудий чегаралар Россия Конституциясида мустаҳкамланган.
Зеленский, шунингдек, АҚШ ва қатор Ғарб давлатлари ҳозирча Украинанинг НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватламаётганини ҳам айтди.

“Биз яхши биламизки, АҚШ ҳам, яна бир қанча давлатлар ҳам ҳозирча Украинани НАТОда кўрмаяпти", — деди у.

Россиянинг Донбассдаги махсус ҳарбий операцияси
Қрим ва Донбассни тан олиш, НАТОдан воз кечиш — Трампнинг Украина тинчлик режаси очиқланди