ТОШКЕНТ, 10 дек — Sputnik. "Green University" базасида атмосферани ифлослантирувчи моддаларни чуқур таҳлил қилиш ва ташламалар манбаларини аниқлаш имконини берадиган замонавий лаборатория ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Марказий Осиёда ўз турига биринчи бўладиган ушбу ҳаво сифати лабораторияси мониторинг ускуналарини калибрлаш, аниқ таҳлиллар ўтказиш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга доир илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқиш имконини беради.
Лойиҳа Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ва Жаҳон банкининг Европа ва МО бўйича барқарор ривожланиш директори Самеҳ Ваҳба билан Тошкентда бўлиб ўтган учрашувда муҳокама қилинди.
Учрашувда пойтахтдаги PM2.5 кўрсаткичлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларидан анча юқори экани таъкидланди. Томонлар саноат объектларида тозалаш технологияларини модернизация қилиш, мониторинг ва ҳисобот тизимини такомиллаштириш, экологик талабларни шаҳарсозлик ва транспорт сиёсатига интеграция қилиш бўйича чораларни ҳам кўриб чиқдилар.
Маълумот учун: “Green University” — Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети.