Туризм ҳажми 4,4 млрд долларга етди — россиялик сайёҳлар сони 1 миллионга яқинлашмоқда

Расмий маълумотларга кўра, россиялик сайёҳлар Ўзбекистонга ташриф бўйича Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистондан кейин тўртинчи ўринни эгаллайди.
Sputnik
ТАШКЕНТ, 9 дек — Sputnik. 2025 йилнинг январь-ноябрь ойларида Россиядан Ўзбекистонга келган сайёҳлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14,5 фоизга ошиб, 923,7 минг нафарни ташкил этди. Бу ҳақда РИА Новостига Туризм қўмитаси маълум қилди.
Маълумотга кўра, йил якунига қадар бу кўрсаткич 1 миллион нафар меҳмонга етиши мумкин.
Умуман, Ўзбекистонга келган хорижий сайёҳлар сони ҳам ўсишда давом этмоқда: ушбу даврда мамлакатга 10,7 миллион сайёҳ ташриф буюрган — бу 2024 йилга нисбатан 14,5 фоизга кўп. Туризм хизматлари экспорти ҳажми эса 4,4 миллиард долларга етган (1,44 баробар ўсиш).
Россиялик сайёҳлар оқими ҳам йил давомида сезиларли ошган: ўтган йили 807 минг бўлган кўрсаткич 2025 йилда 923,7 минг нафарга етган. Қўмита маълумотларига кўра, Россиядан ташрифлар сони 2024 йил якунидан ҳам ошиб кетган ва 2023 йилга нисбатан 1,4 бараварга ошган.
Туризм инфратузилмаси ҳам кенгаймоқда: жорий йилда Ўзбекистон ҳудудларида 954 та янги жойлаштириш воситалари ишга туширилиб, умумий сони 6,86 мингта, сиғими эса 183,9 минг ўринга етди. Бу, қўмитанинг таъкидлашича, хорижий меҳмонларга кўрсатиладиган хизматлар сифатини оширишга хизмат қилади.
Россия Иқтисодий ривожланиш вазири ўринбосари Дмитрий Вахруков аввалроқ Россиядан Ўзбекистонга сайёҳлар оқими 2025 йил охирига қадар 1 миллиондан ошиб кетиши мумкинлигини билдирган. Унинг таъкидлашича, бунда Ўзбекистон билан тўғридан-тўғри авиақатновлар тармоғининг кенгайиши муҳим омил бўлмоқда — ҳозирда Россиянинг турли ҳудудларидан мамлакат шаҳарларига 353 та авиарейс амалга оширилмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, россиялик сайёҳлар Ўзбекистонга ташриф бўйича Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистондан кейин тўртинчи ўринни эгаллайди. 2024 йилда мамлакатга 10,2 миллион хорижий сайёҳ келган бўлиб, россияликлар сони 870 минг нафарни ташкил этган.
Ўзбекистонликлар энг кўп саёҳат қилаётган давлатлар — инфографика