ТОШКЕНТ, 7 дек — Sputnik. Нукус ва Самарқанд шаҳарлари таълимни кундалик ҳаётнинг ажралмас қисмига айлантирган дунё шаҳарларини бирлаштирадиган ЮНEСКОнинг Глобал таълим шаҳарлари тармоғига қўшилди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Тармоқ мактаблар, иш жойлари, кутубхоналар, уй муҳити ва жамоат масканларида умрбод таълимни қўллаб-қувватлашга қаратилган. ЮНEСКО қарорига кўра, бу йил дунёнинг 45 мамлакатидаги 70 та номзод шаҳар тармоқ аъзолари сафига қабул қилинди.
Глобал таълим шаҳарлари тармоғи аъзо ҳудудлар ўртасида тажриба алмашишни, мулоқот ва шериклик муносабатларини ривожлантиришни, шунингдек умр давомида таълим олиш имкониятларини кенгайтиришни мақсад қилади.
ЮНEСКО Нукусда ёшлар, аёллар ва аҳолининг заиф қатламлари эҳтиёжларига жавоб берадиган инклюзив таълим экотизимини шакллантириш йўлида амалга оширилган ишлар юқори баҳоланганини таъкидлади.