ТОШКЕНТ, 6 дек – Sputnik. Андижон шаҳри ҳудудида автоҳалокатга учраган “CHANGAN SL03” русумли автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг салонидан 5 071 дона “Регапен” номли кучли таъсир қилувчи дори воситаси топилди ва процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотга кўра, Давлат хавфсизлик хизмати Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Божхона қўмитаси томонидан Андижон вилоятида ўтказилган тезкор тадбир давомида дорифурушлар Қирғизистондан контрабанда йўли билан олиб кирган катта миқдордаги кучли таъсир қилувчи препаратнинг ноқонуний айланмаси фош этилди. Тезкор ҳаракатлар натижасида воситанинг ноқонуний муомалага киритилишига йўл қўйилмади.
Хабарда қайд этилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 251 прим 1-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Икки нафар Ўзбекистон фуқароси гумонланувчи сифатида жиноят ишига жалб қилинган.