Мантуров: 2024 йилда "Wildberries"да 605 млн долларлик ўзбек товарлари сотилган

"Wildberries"да ўзбек товарлари сотуви 605 миллион долларга етди, компания Ўзбекистонда йирик логистика маркази қуришни режалаштирмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 дек – Sputnik. 2024 йилда "Wildberries" платформасида сотилган ўзбек товарлари ҳажми 605 миллион долларга етиб, платформани Ўзбекистон маҳсулотлари учун энг йирик савдо каналига айлантирди. Бу ҳақда Россия бош вазири ўринбосари Денис Мантуров иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 26-йиғилишида маълум қилди, деб хабар беради Sputnik мухбири.
Маълумотларга кўра, "Wildberries" Ўзбекистонда қиймати 11 млрд рублдан ортиқ, майдони 100 минг квадрат метр бўлган логистика маркази қуришни режалаштирмоқда. Лойиҳа доирасида 7,5 мингтага яқин иш ўрни яратилади, мажмуани келгуси йил охиригача ишга тушириш кўзда тутилган.
Бизнес-форумда 50 нафарга яқин россиялик тадбиркор иштирок этмоқда. Делегация таркибига саноат, энергетика, улгуржи-чакана савдо ва рақамли сектор компаниялари киради.

"Бизнеснинг бундай вакиллик иштироки Россия компанияларининг Ўзбекистон билан ҳамкорликни чуқурлаштиришга бўлган ҳақиқий қизиқишини кўрсатади", — деди Мантуров.

Мантуров авиаалоқалар бўйича мавжуд парвозлар сонини ҳам таъкидлади:

"Ўзбекистон ва Россия ўртасида ҳафтасига 300 тадан ортиқ авиақатнов амалга оширилади", — деди у.

Тошкентда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиясининг 26-йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Мажлис бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев ва Россия ҳукумати раисининг биринчи ўринбосари Денис Мантуровнинг ҳамраислиги остида ўтказилмоқда. Тадбирда икки мамлакат вазирлик ва идоралари раҳбарлари, шунингдек, Нижний Новгород, Омск, Бошқирдистон ва Красноярск ўлкаси делегациялари қатнашмоқда.
Ходжаев: Ўзбекистон-Россия ҳисоб-китобларининг 75 фоизи миллий валюталарда амалга ошмоқда