Ўзбекистонда ОИВ билан касалланганлар сони маълум қилинди — асосий қисми кимлар?

Жорий йилда 3 мингдан зиёд янги ҳолат қайд этилди, касалланишнинг 30 фоиздан зиёди меҳнат миграциясидан қайтганлар ҳиссасига тўғри келмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 дек — Sputnik. Ўзбекистонда 52 минг нафардан ортиқ киши одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ) инфекцияси билан касалланган, деб хабар берди Республика ОИТСга қарши кураш маркази РИА Новостига.

"Жорий йилнинг 1 декабрь ҳолатига кўра, мамлакатда ОИВ инфекциясига чалинган 52 мингдан ортиқ киши яшайди", - деди марказ вакили.

Жорий йилнинг 10 ойида ОИВ инфекцияси 3 мингдан зиёд кишида аниқланган. Касалланганларнинг асосий қисмини 30-49 ёш оралиғидаги аҳоли ташкил қилади.
Марказ ҳисоб-китобларига кўра, сўнгги йилларда ОИВ билан касалланганларнинг 30 фоиздан ортиғи меҳнат миграциясидан қайтган фуқаролар ҳиссасига тўғри келади.

"2025 йилда 5 миллиондан ортиқ одам ОИВ скрининг текширувидан ўтказилди. Олис ҳудудларни қамраб олиш учун мобил тиббий бригадалар иш олиб борди, бунинг натижасида ОИВ билан касалланганларнинг 95 фоизи ўз мақоми ҳақида билиб олди ва зарур ҳолларда даволанишни бошлади", - дея қўшимча қилди марказ вакили.

2023 йилда Ўзбекистон президенти аҳоли орасида ОИВ тарқалишини чеклаш ва даволаш самарадорлигини ошириш бўйича комплекс дастурни тасдиқлаган. Дастурда қуйидагилар назарда тутилган:
меҳнат мигрантларини ихтиёрий ОИВ тестидан ўтказиш қамровини кенгайтириш,
мигрантлар ва уларнинг оилаларини профилактика, юқиш йўллари ва даволаш услублари ҳақида хабардор қилиш бўйича кампаниялар ўтказиш.
2024 йил 1 август куни Сенат қонунчиликка киритилган ўзгартишни маъқуллади. Унга кўра хорижда 90 кун ва ундан ортиқ бўлиб қайтган фуқаролар ОИВга мажбурий тиббий текширувдан ўтади. Қонун президентга имзолаш учун юборилган.
Расмий маълумотларга кўра, 38 миллиондан ортиқ аҳолига эга Ўзбекистондан:
2025 йил январ-сентябр ойларида хорижга ишлаш учун кетганлар сони 1,86 миллион кишини ташкил этган,
Россиядаги меҳнат мигрантлари сони эса 1,3 миллион атрофида.
Хориждан қайтган фуқароларнинг ОИВга тест топшириши мажбурий бўлади