ТОШКЕНТ, 1 дек — Sputnik. WTA рейтингида 109-ўринни эгаллаб турган профессионал теннисчи Камилла Раҳимова эндиликда халқаро мусобақаларда Ўзбекистон байроғи остида қатнашади. Бу ҳақда Ўзбекистон теннис федерацияси матбуот хизмати хабар берди.
Камилла Раҳимова 2001 йил 28 август куни Россиянинг Екатеринбург шаҳрида туғилган. Унинг оиласи Ўзбекистон билан чамбарчас боғлиқ: онаси Руфина Раҳимова (турмушга чиқишдан олдинги фамилияси Ялалова) ўз ёш тоифасида энг кучли теннисчилардан бири бўлган ва Ўзбекистон ССР шарафини ҳимоя қилган. Спортчининг катта акаси Тимур эса Тошкентда туғилган.
Сўнгги йилларда Камилла жаҳон теннис майдонида энг барқарор ривожланаётган спортчилардан бири сифатида танилмоқда. У карьераси давомида қатор юқори натижаларни қўлга киритган:
Яккаликдаги энг юқори рейтинги: №60 (2024 йил 30 декабрь)
Жуфтликдаги энг юқори рейтинги: №51 (2025 йил 25 август)
WTA жуфтликда 3 та титул
WTA 125 яккаликда ғолиблик, шунингдек бир неча жуфтлик муваффақиятлари
2025 йил 28 ноябрдаги янгиланган рейтингга кўра — 109-ўрин
Камилла Раҳимованинг Ўзбекистон байроғи остида ўйнашини бошлаши миллий терма жамоа учун муҳим кучайиш сифатида баҳоланмоқда.
Бу орқали Ўзбекистон:
“Катта дубулға” турнирларида,
WTA ва ITF мусобақаларида,
жамоавий чемпионатларда,
Осиё ўйинларида,
"Billie Jean King Cup"да яхшиланган таркиб билан иштирок этади ва юқори натижалар учун реал имкониятга эга бўлади.
Ўзбекистон теннис федерацияси Камилланинг қарорини қутлаб, унинг миллий теннисни янги босқичга олиб чиқишига умид билдирди.