ТОШКЕНТ, 28 ноя – Sputnik. Россия Венесуэланинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ҳузурида кузатувчи мақомини олишга интилишини олқишлайди. Бу ҳақда Россия бош вазири ўринбосари Дмитрий Чернишенко Россия-Венесуэла ҳукуматлараро комиссиясининг юқори даражадаги 19-йиғилишида маълум қилди.
“Венесуэланинг Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи давлат мақомини олишга бўлган қизиқишини олқишлаймиз”, - деди у.
Чернишенконинг қўшимча қилишича, Венесуэланинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти фаолиятига шерик сифатига қўшилиш аризаси ҳам кўриб чиқилмоқда.
ЕОИИ
Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) - 2015 йил 1 январдан фаолият юритиб келаётган халқаро иқтисодий бирлашма. Иттифоққа ҳозир Россия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзодир. Ўзбекистон 2020 йилда ЕОИИда кузатувчи мақомини олди. Молдова, Куба, Эрон ҳам кузатувчи мақомига эга.