Журналист ва ўқувчилар қандай фейкларга дуч келиши мумкин: SputnikPro маҳорат дарси

РИА.ру сайти бош муҳаррири Максим Зубков "ҳақиқатга етиш” учун журналист ҳар бир тафсилотни текшириши муҳимлигини қайд этди.
Sputnik
Тошкентдаги Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети (ЎзДЖТУ) Халқаро журналистика факультети талабалари амалий машғулотда фейк (сохта) хабарларни қандай аниқлашни ўрганишди. Тадбир SputnikPRO халқаро таълим лойиҳаси доирасида бўлиб ўтди.
Маҳорат дарсида 40 нафардан ортиқ талаба йиғилиб, мутахассисдан фойдали кўникмалар ва маслаҳатлар олишди.
Спикер сифатида РИА.ру сайти бош муҳаррири Максим Зубков иштирок этди. У бугунги кунда журналистлар ва ўқувчилар кўпинча қандай турдаги фейк хабарларга дуч келаётгани, нималарни эътиборга олиш кераклиги ва нима сабабдан ҳатто тажрибали мухбирлар ҳам баъзан ёлғон маълумотлар тузоғига илиниб қолишлари ҳақида сўзлаб берди.
Зубков фейкларнинг икки асосий турини алоҳида кўрсатди: матнли ва медиа. Матнли фейклар кўпинча бузиб кўрсатилган маълумотларни ўз ичига олади, медиа эса ҳатто эътиборли ўқувчини ҳам адаштириши мумкин бўлган сохта фотосуратлар ва видеолардан иборат.
“Ҳақиқатга етиш” учун журналист ҳар бир тафсилотни текшириши муҳим - ҳаттоки расмий ҳужжат ҳам текширувни талаб қилади. Мутахассис аниқ манбаси кўрсатилмаган маълумотларга алоҳида эътибор қаратишни маслаҳат беради.
“Хабарни ким тарқатгани ҳақида маълумот қанча кам бўлса, унинг сохта бўлиш эҳтимоли шунчалик юқори”, - деди Зубков.
Спикер таъкидлади: хабарни улашиш ёки унга ишонишдан аввал, унинг ҳиссий жиҳатини баҳолаш лозим - бу кўпинча фейк хабарнинг биринчи белгиси.
“Агар хабар ҳиссий даъватга ўхшаса, ҳушёр бўлиш керак”, - дея қўшимча қилди у.
Мутахассис талабаларнинг эътиборини фейклар тарқатишни илгаригидан ҳам осонлаштирадиган замонавий технологияларга қаратди. Сунъий интеллект ва расм таҳрирлаш дастурлари ёрдамида ҳақиқийдек кўринадиган, аммо ёлғон ахборотларни ўз ичига олган фотосуратлар ва видеолар яратилмоқда. Зубков фактларни текшириш ва манбаларни синчковлик билан таҳлил қилиш журналистнинг асосий воситаларига айланиб бораётганини таъкидлади.
Маҳорат дарси давомида талабалар амалий вазифаларни бажаришда фаол иштирок этишди: ҳақиқий янгиликларни таҳлил қилишди, ёлғон маълумотларнинг белгиларини аниқлашди ҳамда фейк тарқалишини олдини олишга ёрдам берадиган чораларни муҳокама қилишди.
Маҳорат дарси якунида талабалар спикерга саволлар бериб, уларга батафсил жавоблар ва профессионал тавсиялар олишди.
Батафсил - Sputnik видеосида.
Маълумот учун: SputnikPRO - Sputnik ахборот агентлиги томонидан ташкил этилган медиа соҳасидаги халқаро маърифий лойиҳа. Бу журналистлар, матбуот котиблари, блогерлар ва олий таълим муассасаларининг тегишли йўналишлари бўйича юқори курс талабалари учун Россия ва хориждаги энг яхши медиа-менежерлар, экспертлар ҳамда агентликнинг етакчи мутахассислари томонидан ўтказиладиган семинарлар, маърузалар ва маҳорат дарсларининг ноёб тизимидир.
Янгиликлар Telegram-канали қандай бўлиши керак: SputnikPRO маҳорат дарси