Янгиликлар Telegram-канали қандай бўлиши керак: SputnikPRO маҳорат дарси

Oбуна бўлиш
Эксклюзив
"Россия сегодня" мутахассиси янгиликлар Telegram-каналларининг ишлаши ҳақида сўзлаб, постларга қўйиладиган асосий талабларни санаб ўтди.
Тошкентдаги ЎзДЖТУ нинг Халқаро журналистика факультетида "2025 йилда янгиликлар Telegram- канали: мавзу танлаш, юритиш ва юзага келган муаммоларни ҳал қилиш йўллари" мавзусида маҳорат дарси бўлиб ўтди.
Тадбир SputnikPRO лойиҳаси доирасида ўтказилди. Унда 40 yfafhдан ортиқ талаба иштирок этди.
Спикер сифатида "Россия сегодня" медиагуруҳининг яқин хориж ва Болтиқбўйи мамлакатларидаги Sputnik мультимедиа марказлари дирекцияси бошқармаси бошлиғи ўринбосари Александр Самохвалов нутқ сўзлади. У Telegram-каналини қандай яратиш ва оммалаштириш, 2025 йилда Telegram ишининг хусусиятлари, яхши ва ёмон постларнинг қандай мезонлари борлиги ҳақида сўзлаб берди.
Самохваловнинг айтишича, шахсий Telegram-канали очишдан аввал энг муҳими - мавзуни аниқлаб олиш ва қилаётган ишингизни севиш. Мавзу қизиқарли, таниш ва ҳеч қачон зерикарли бўлмаслиги керак.

“Агар олдингизда қайси мавзуни танлаш масаласи турган бўлса, демак, ўз блогингизни яратишга ҳали тайёр эмассиз. Пост жойлаш бу музтоғнинг учи холос, энг мушкули - ахборот мониторинги ва қидируви, бошқа Telegram-каналлар билан ишлаш ҳамда бошқаларда йўқ материалларни тайёрлаш. Буларнинг барчаси вақтнинг 90% ни олади”, – деди спикер.

У янгиликлар Telegram-каналларининг ишлаши ҳақида сўзлаб, постларга қўйиладиган асосий талабларни санаб ўтди: қисқалик, тезкорлик, ёзиш соддалиги ва ўзига хослик.
“Фақат асосий янгилик манбаи бўлишга даъвогар канал тез-тез пост жойлаштириши мумкин”, - деди Самохвалов.
Мутахассис мақсадли аудиторияга эътибор қаратиш, уларни ҳаддан ташқари тез спамлар билан безовта қилмаслик ва фақат ҳақиқатдан ҳам қизиқ янгиликларни саралаб олиш муҳимлигини алоҳида таъкидлади.

“Ёзишга арзийдиган нарса бўлмаса, ҳеч нарса ёзмаган маъқул - бу муҳим қоида. Яхшиси одамлар қизиқ бўлмаган янгиликлардан дам олсин. Замонавий дунё шундай хабарлар билан тўлиб-тошган, шу боис баъзида одамлар ахборотларнинг улкан оқимидан қочади. Шунинг учун биз қила оладиган энг ёмон иш - одамларни зерикарли ва кераксиз маълумотлар билан безовта қилиш. Бундай қилсак, улар бизни кечирмайди, аксинча обунани бекор қилиб, бошқа каналларга ўтиб кетади”, - деди у.

Маҳорат дарсининг амалий қисмида Александр Самохвалов янгиликлар Telegram-каналларидаги постларни таҳлил қилиб, уларнинг қайсилари муваффақиятли, қайси бири эса муваффақиятсиз эканлигини тушунтирди.
У эътибор қаратиш керак бўлган муҳим жиҳатлар ҳақида сўзлади. Масалан, постнинг илк хатбошисидаги биринчи гапда энг қизиқарли маълумотни кўрсатиш, уни “яширмаслик”, расмий тил ибораларидан фойдаланмаслик ва ҳоказо.
“Агар гапдан бирор сўзни олиб ташласангиз ва гапнинг маъноси ўзгармаса, ўша сўзни олиб ташланг. Агар постдан бирор гапни олиб ташлаб унинг маъноси ўзгармаса, бутун гапни олиб ташланг. Агар бутун постни олиб ташлаш мумкин бўлса, бундан канал зарар кўрмаса, уни умуман эълон қилманг”, - деди мутахассис.
Самохвалов материалдан қандай қилиб ноёб маҳсулот яратиш ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
“Ҳар бир постда таянч нуқтаси бўлиши шарт. Масалан, Россия Африкага 100 минг тонна буғдой топширди, деб ёзамиз. Буни ўқиб ўйлаймиз: “100 минг тонна буғдой... Бу кўп бўлса керак. Балки камдир. Умуман олганда, бу қанча?” Бу янгиликни қизиқарли қилиш учун мавзуни чуқур ўрганиш, маълумотларни таҳлил қилиш ва Африкадаги мамлакат учун бу 100 минг тонна бир йиллик эҳтиёжни қоплай олиши ҳақидаги факт билан тўлдириш керак. Шунда бу янада қимматли ахборотга айланади”, - деб тушунтирди у.
Шунингдек, спикер агар янгилик бошқа ОАВ да аллақачон эълон қилинган бўлса, уни қандай "қутқариш" мумкинлиги ҳақида сўзлади.
“Бундай янгиликни, агар унга янги, ўзингизга хос маълумот қўшсангиз, беришингиз мумкин. Масалан, қаердадир портлаш юз берди. Ҳамма бу ҳақда ёзиб бўлган, сиз эса эътиборсиз қолдирдингиз. Аммо сизда кейинроқ шу портлашнинг видеоси пайдо бўлди. Бундай постни бемалол жойлаштириш мумкин, чунки видео ҳали ҳеч кимда бўлмаган эди. Ёки муайян мутахассисга қўнғироқ қилиб, бу портлаш нимани англатади, нима сабабдан бўлди, нима учун содир бўлганини сўрашингиз мумкин. Бу ҳам энди эксклюзив, янги хабар бўлади”, - деди у.
Мутахассис Telegram да инфографикадан фойдаланиш ҳақида ҳам сўз юритди: унинг хусусиятлари қандай ва қайси жиҳатларга эътибор бериш керак.
“Матнда расмдан фарқли янги, қўшимча маълумот берилиши керак. Биз доимо мобил телефонлар экранидан ўқилаётганини ҳисобга олишимиз керак. Нисбатан йирик рақамлар, ёрқин тасвирлар бўлиши шарт. Лекин инфографикани ҳаддан ташқари тўлдириб юбориш ҳам нотўғри”, - деди дея тушунтирди Самохвалов.
Маҳорат дарсидан сўнг талабалар спикерга саволлар бериб, фойдали жавоблар ва профессионал маслаҳатлар олишди.
Батафсил - Sputnik видеосида
Маълумот учун: SputnikPRO - Sputnik агентлиги томонидан ташкил этилган медиа соҳасидаги халқаро маърифий лойиҳадир. У журналистлар, матбуот котиблари, блогерлар ва олий таълим муассасаларининг тегишли йўналишларида таҳсил олаётган юқори курс талабалари учун мўлжалланган, Россия ва хорижлик энг яхши медиа-менежерлар, экспертлар ҳамда агентликнинг етакчи мутахассислари томонидан ўтказиладиган ноёб семинарлар, маърузалар ва маҳорат дарслари.
Янгиликлар лентаси
0